Еремиё 21 bob
1 Шоҳ Зидқиё Еремиё пайғамбарнинг олдига Малкиё ўғли Пешхур ва Масиё ўғли руҳоний Зафаниёни юборди. Шунда Эгамиз Ўз сўзини Еремиёга аён қилди. Пешхур билан Зафаниё Еремиёга шундай дедилар:
2 “Ўтинамиз, биз учун Эгамизга ёлвор, чунки Бобил шоҳи Навухадназар* бизга ҳужум қиляпти. Балки Эгамиз аввалгидек мўъжизалар кўрсатиб, Навухадназарни орқага чекинтирар.”
3 Еремиё уларга шундай жавоб берди:
4 “Бориб, Зидқиёга Исроил халқининг Худоси — Эгамизнинг шу сўзларини айтинглар: «Сизлар қўлингизга қурол олиб, сизларни қамал қилган Бобил шоҳига ва Бобилликларга қарши жанг қиляпсизлар. Аммо қўлингиздаги қуролларингизни Мен Бобилликларга эмас, балки ўзларингизга қарши ишлатаман. Мана шу шаҳар — Қуддус марказида қуролларингизни уйиб ташлайман.
5 Мен Ўзим сизларга қарши чиқаман. Ўз қудрату ажойиботларим билан, қаҳру ғазабим билан сизларга қарши жанг қиламан.
6 Бу шаҳар аҳолисини йўқ қиламан. Одамлару ҳайвонлар ўлатдан нобуд бўладилар.
7 Шундан кейин Мен Яҳудо шоҳи Зидқиёни, унинг аъёнларини, шаҳарда урушдан, қаҳатчиликдан ва ўлатдан омон қолган ҳамма одамларни Бобил шоҳи Навухадназарнинг қўлига бераман, — деб айтмоқда Эгамиз. — Уларда қасди борларга топшираман, душман қўлига бераман. Душманлар шаҳар аҳолисини шафқатсизларча қириб ташлайдилар. Биронта одамни ҳам аямайдилар, уларга ачинмайдилар, раҳм қилмайдилар.»
8 Сизлар бу халққа бориб айтинглар: «Эгамиз демоқда: Мен сизларга икки йўлни — ҳаёт ва ўлим йўлини бердим.
9 Шаҳарда қолганлар қилич, қаҳатчилик ва ўлатдан нобуд бўладилар. Шаҳардан чиқиб, Бобилликларга таслим бўлганлар эса тирик қоладилар. Бу одамлар ҳеч бўлмаса ўз жонларини сақлаб қоладилар.
10 Мен бу шаҳарга яхшилик эмас, кулфат келтиришга қарор қилдим, — деб айтмоқда Эгамиз. — Бу шаҳарни Бобил шоҳига таслим қилиб бераман. Навухадназар шаҳарга ўт қўяди.»
11 Яҳудо шоҳининг хонадонига ҳам бориб шундай айтинглар: «Эгамизнинг сўзини эшит,
12 эй Довуд сулоласи! Эгамиз шундай демоқда: Ҳар куни эрталабдан адолат қилинглар, Жабрдийдаларни зўравонлар қўлидан қутқаринглар. Акс ҳолда, қилган ёвузликларингиз туфайли Менинг ғазабим аланга олади, Бу ғазабимни сўндиришга ҳеч кимнинг қурби етмайди.
13 Эй водийдаги қоя устида қурилган Қуддус, Мен сенга қаршиман! — деб айтмоқда Эгамиз. — Сизлар айтасиз: ‘Ким ҳам бизга қарши чиқа оларди?! Ким ҳам қўрғонларимизга кира оларди?!’
14 Мен қилмишингизга яраша жазоингизни бераман, — деб айтмоқда Эгамиз. — Шоҳнинг саройига ўт қўяман, Олов атрофдаги ҳамма нарсани ёндиради.»”