Еремиё 14 bob
1 Еремиёга Эгамизнинг қурғоқчилик ҳақидаги сўзи аён бўлди:
2 “Яҳудо аза тутмоқда, Шаҳарлари адойи тамом бўлди. Одамлар қайғуга ботган, Бағирларини ерга бериб ётибди, Қуддусдан фарёд кўтарилмоқда.
3 Асилзодалар хизматкорларини сувга юбордилар. Хизматкорлар сардобаларга борган эдилар, Аммо сув топа олмадилар. Идишлари бўм–бўш қайтиб келдилар. Улар тушкунликка тушдилар, Шарманда бўлиб қолдилар, Уятдан юзларини беркитиб олдилар.
4 Ёмғир ёғмагани учун ер ёрилиб кетди, Деҳқонлар умидсизликка тушди, Юзларини беркитиб олишди.
5 Ҳатто чўлдаги она оҳу ҳам, Ўт–ўлан бўлмагани учун, Янги туғилган оҳучаларини ташлаб кетмоқда.
6 Қулонлар яланг қирларда туриб, Чиябўрилар каби ҳансираяпти, Ўт йўқлигидан қулонларнинг кўзлари киртайиб қолган.”
7 Гуноҳларимиз бизга қарши гувоҳлик берса–да, Ўз номинг ҳақи–ҳурмати бизга раҳм қил, эй Эгам. Ахир, биз Сенга кўп хиёнат қилдик, Сенга қарши гуноҳ ишлар қилдик.
8 Эй Исроилнинг ёлғиз умиди, Кулфат вақтида Қутқарувчиси! Нечун юртимизда мусофирга ўхшайсан? Бир кечагина тунайдиган сайёҳга ўхшайсан?
9 Нега саросимага тушган одамга ўхшайсан? Нега ёрдам бера олмайдиган жангчига ўхшайсан? Эй Эгам, Сен бизнинг орамиздасан–ку! Биз Сеникимиз. Бизни тарк этма!
10 Эгамиз бу халқ ҳақида шундай демоқда: “Улар ўзларини сира тия олмайдилар, Дайдиб юришни ҳақиқатан яхши кўрадилар. Шунинг учун Мен улардан рози эмасман, Энди қабиҳликларини ёдга оламан, Гуноҳлари учун уларни жазолайман.”
11 Сўнг Эгам менга тайинлаб деди: — Бу халқ учун ибодат қилма.
12 Улар рўза тутишса ҳам, Мен уларнинг илтижоларига қулоқ солмайман. Менга атаб қурбонликлар куйдиришса ҳам, дон назрларини олиб келишса ҳам қабул қилмайман. Аксинча, уларни қаҳатчилик, уруш ва ўлат орқали қириб ташлайман.
13 Мен эса шундай дедим: — Ё Эгам Раббий, пайғамбарлар бу халққа, уруш ва қаҳатчилик бўлмайди, сизлар бу юртда чинакамига осойишта ҳаёт кечирасизлар, деб айтишмоқда–ку.
14 Эгамиз менга шундай жавоб берди: “Пайғамбарлар Менинг номимдан ёлғон гапиришмоқда. Мен уларни юбормаганман, уларга гапиришни буюрмаганман. Улар сизларга уйдирмаларни ўзларича башорат қилишяпти, беҳуда фол очиб, хаёлларига келган ёлғонларни гапиришяпти.
15 Ўша пайғамбарлар Менинг номимдан гапиришса ҳам, уларни Мен жўнатмаганман. Улар: «Юртда уруш ва қаҳатчилик бўлмайди», деб айтаётган эканлар, аммо Мен айтаманки, ўша пайғамбарлар уруш ва қаҳатчиликдан нобуд бўлишади.
16 Уларнинг гапларини тинглаётган одамлар ҳам уруш ва қаҳатчиликдан ўлади. Жасадлари Қуддус кўчаларида қолиб кетади. Уларнинг, хотинларининг, ўғил–қизларининг жасадларини кўмадиган одам бўлмайди. Қилган қабиҳликларини Мен ўзларининг бошларига соламан.
17 Сен уларга шундай деб айт: «Кечаю кундуз кўзларимдан ёш оқяпти, Ўзимни тўхтата олмаяпман. Зеро, бокира қизим — Менинг халқим, Қаттиқ зарба еди, оғир яраланди.
18 Далага чиқаман, Эвоҳ, ана, қиличдан ҳалок бўлганлар ётибди. Шаҳарга кираман, Ана, очарчиликдан ўлганлар ётибди. Пайғамбару руҳонийлар эса пул дардида Одамларга бемаъни маслаҳатлар бериб юрибдилар.»”
19 Эй Эгамиз, наҳотки Яҳудони бутунлай рад этган бўлсанг?! Наҳотки Қуддусдан ҳазар қилсанг?! Нечун бизни оғир яраладинг? Шифо топа олмаяпмиз–ку! Биз тинчликни изладик, аммо яхшилик келмади, Шифо топмоқчи эдик, аммо ваҳимага дучор бўлдик.
20 Эй Эгамиз, Сенга қарши гуноҳ қилдик! Қабиҳликларимизга иқрор бўлдик, Ҳа, ота–боболаримизнинг айбларини тан оламиз.
21 Номинг ҳақи–ҳурмати бизни рад этма, Улуғвор тахтинг турган жойни хор қилма. Биз билан тузган аҳдингни ёдингда тут, Ўтинамиз, аҳдингни бузма.
22 Халқларнинг бетайин бутлари ёмғир ёғдира олармиди?! Ёғингарчилик осмоннинг хоҳиши билан бўлармиди?! Буларни қилишга қодир Сен эмасми, эй Эгамиз Худо?! Биз умидимизни Сенга боғлаганмиз, Зотан, буларнинг ҳаммасини қила оладиган Сенсан.