Еремиё 12 bob
1 Сен билан даъволашганимда, эй Эгам, Сен ҳар доим ҳақ бўлиб чиқасан. Шундай бўлса–да, Сен билан яна гаплашмоқчиман, Адолат хусусида савол бермоқчиман. Нечун фосиқларнинг иши юришади? Нечун мунофиқлар роҳатда яшайди?
2 Уларни Сен экиб ундирдинг, Улар ўсиб ҳосилга кирдилар. Номинг уларнинг оғзидан тушмайди, Аммо диллари Сендан узоқдир.
3 Лекин Сен, эй Эгам, мени биласан. Сен мени синагансан, Дилим Сенга мойил эканини Ўзинг кўрдинг. Энди ёвларимни бўғизланадиган қўйлардай судрагин! Бўғизлашга тайёрлаш учун ажратиб қўйгин!
4 Эвоҳ, қачонгача ер қақраб ётади? Қачонгача далалардаги ҳамма ўтлар қурийди? Бу ерда яшайдиган фосиқларнинг дастидан, Қушлару ҳайвонлар нобуд бўлди. Бу одамлар: “Бизга нима бўлишини Еремиё қаердан ҳам биларди?!” деб айтишади.
5 Эгамиз менга деди: “Эй Еремиё, Сен одамлар билан пойга қилиб ҳолдан тойган бўлсанг, Қандай қилиб отлар билан пойга қила оласан?! Фақат осойишта юртда ўзингни бехатар сезсанг, Иордан бўйидаги чакалакзорда нима қиласан?!
6 Ҳатто қариндошларинг ҳам сендан юз ўгирди, Ўз оиланг сенга хиёнат қилди. Овози борича сенга дўқ урди. Улар сенга ширин гапиришса ҳам, Уларнинг сўзларига ишонма.”
7 Эгамиз шундай деб айтди: “Мен хонадонимни тарк этдим, Мулк қилиб олган халқимни рад этдим. Севган халқимни душманларининг қўлига бердим.
8 Ўз халқим Менга Ўрмондаги шердай бўлиб қолди. У Менга қараб бўкирди, Шунинг учун ундан нафратландим.
9 Ўз халқим Менга Олачипор калхатдай бўлиб қолди. Бошқа калхатлар халқимни ўраб олди! Боринг, барча ёввойи ҳайвонларни йиғинг, Халқимни ғажиб ташлашсин.
10 Тўда–тўда чўпонлар узумзоримни хароб қилдилар, Даламни улар пайҳон қилдилар. Ҳа, гўзал даламни ташландиқ чўлга айлантирдилар.
11 Улар еримни хароб қилдилар, Ташландиқ ерим кўз олдимда қақраб ётибди. Бутун юртим вайрон бўлди, Аммо бу билан ҳеч кимнинг иши йўқ.
12 Босқинчилар саҳродаги Ҳамма яланг қирларни эгаллаб олдилар. Энди Менинг қиличим бутун юртни вайрон қилади, У бошидан бу бошигача ҳаммани қириб ташлайди. Бехатар яшаётган биронта одам қолмайди.
13 Менинг халқим буғдой экди, Аммо тикан ўриб олди, Зўр бериб ишлади, Аммо ҳеч нарсага эришмади. Қаттиқ қаҳрим уларнинг ҳосилини нобуд қилди. Улар ҳосилсиз қолиб, шарманда бўлишди.”
14 Эгамиз шундай демоқда: “Мен халқимга Исроил юртини мулк қилиб берган эдим, аммо унинг ёвуз қўшнилари халқимга ҳужум қилиб, юртимни талон–тарож қилдилар. Мен бу ёвуз халқларни ўз юртларидан суғуриб ташлайман. Яҳудо халқини уларнинг исканжасидан суғуриб оламан.
15 Ўша ёвуз халқларни суғуриб ташлаганимдан кейин, уларга яна раҳм–шафқат қиламан. Ҳаммасини ўз юртларига, ўз мулкларига қайтариб олиб келаман.
16 Илгари бу халқлар Исроил халқига Баал номи билан қасам ичишни ўргатган эдилар. Агар энди улар халқим Исроилнинг йўлини астойдил ўргансалар, «Эгамиз шоҳид» дея Менинг номим билан қасам ичсалар, халқим орасида ўрнашиб оладилар.
17 Борди–ю, биронта халқ Менга итоат этмаса, ўша халқни таг–томири билан қўпориб ташлайман.” Эгамизнинг каломи шудир.