Еремиё 1 bob
1 Ушбу китобда Хилқиё ўғли Еремиёнинг сўзлари баён этилган. Еремиё Бенямин ҳудудидаги Онотўт шаҳрида яшаган руҳонийлардан бири эди.
2 Омон ўғли Йўшиё Яҳудода ҳукмронлик қилган даврнинг ўн учинчи йилида, Эгамизнинг сўзи илк бор Еремиёга аён бўлган эди.
3 Шундан сўнг Яҳудо шоҳи Йўшиё ўғли Ёҳайиқим давридан тортиб, то Яҳудо шоҳи Йўшиё ўғли Зидқиё ҳукмронлигининг ўн биринчи йилигача, Эгамиз Еремиёга Ўз сўзини бир неча марта аён қилган эди. Зидқиё ҳукмронлигининг ўн биринчи йили бешинчи ойида Қуддус аҳолиси Бобилга сургун қилинди.
4 Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди:
5 “Онанг қорнида сенга шакл бермасимдан олдин сени билган эдим, Туғилмасингдан олдин сени Ўзим учун ажратиб олган эдим. Халқларга сени пайғамбар этиб тайинлаган эдим.”
6 Мен Унга шундай жавоб қайтардим: — Ё Эгам Раббий! Мен тузукроқ ҳам гапира олмайман. Ҳали жуда ёшман.
7 Эгамиз эса менга шундай деди: — Ўзингни, ёшман, деб айтма! Мен сени кимнинг олдига юборсам, ўшаларнинг олдига борасан. Сенга амр қилган ҳамма гапларимни уларга айтасан.
8 Сен улардан қўрқма. Мен сен билан бирга бўламан, сени халос қиламан. Буни Мен, Эганг, айтдим.
9 Сўнг Эгамиз қўлини узатиб, лабимга теккизди–ю, деди: — Мана, сўзларимни оғзингга солиб қўйдим.
10 Бугундан бошлаб халқлар ва шоҳликларни қўпориб, йўқ қилишинг учун, вайрон қилиб, ағдаришинг учун, бунёд этиб, мустаҳкамлашинг учун сенга изн бердим.
11 Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилиб, шундай деди: — Эй Еремиё, нимани кўряпсан? — Бодом шохини, — деб жавоб бердим мен.
12 — Тўғри кўрдинг, — деди Эгамиз. — Бодом шохи Менинг ҳушёр туришимни билдиради. Айтган сўзларимни Мен тез орада бажо келтираман.
13 Эгамиз менга Ўз сўзини яна аён қилиб деди: — Нимани кўряпсан? — Шимол томонда қайнаб турган бир қозонни. Қозон биз томонга ағдарилай–ағдарилай деб турибди, — дедим.
14 Эгамиз менга шундай деди: — Бу юртнинг бутун аҳолиси устига шимол томондан фалокат ёғилади.
15 Эгамиз шундай демоқда: “Мен шимолдаги шоҳликларнинг барча халқларини чақириб оляпман. Уларнинг шоҳлари келиб, ўз тахтларини Қуддус дарвозаларининг ёнига ўрнатадилар. Қуддус деворларини қуршаб оладилар, Яҳудо шаҳарларининг ҳаммасига ҳужум қиладилар.
16 Шу йўсин Мен халқимга қарши ҳукмимни эълон қиламан, чунки Ўз халқим Мени тарк этиб, қабиҳлик қилди. Улар бегона худоларга қурбонликлар келтириб, ўз қўлларининг ижодига сажда қилдилар.
17 Сен энди бўла қол, белингни боғла. Буюрганларимнинг ҳаммасини уларга бориб айт. Улардан қўрқма. Акс ҳолда, уларнинг олдида сени ваҳимага соламан.
18 Бугун Мен сени бир қалъадай, темир устундай ва бронза девордай мустаҳкам қилдим. Сен бутун юртга — Яҳудо шоҳларига, шаҳзодаларига, руҳонийларига, юрт аҳолисига қарши чиқасан.
19 Улар сенга ҳужум қилишади, лекин сени енга олишмайди. Мен сен билан бирга бўламан, сени халос қиламан.” Эгамизнинг каломи шудир.