Ишаё 7 bob
1 Уззиёнинг набираси, Йўтомнинг ўғли Охоз ҳукмронлиги даврида Орам шоҳи Ратан ва Исроил шоҳи Рамалиё ўғли Пеках Қуддусга келиб, саф тортдилар. Аммо уни босиб ололмадилар.
2 Довуд хонадонига: “Орам лашкари Эфрайим халқи билан иттифоқ тузибди” деган хабар етиб келди. Шоҳ Охоз ҳамда халқ шунчалик ваҳимага тушдиларки, ҳаммалари шамолда тебранган дарахтдай титрадилар.
3 Шунда Эгамиз Ишаёга деди: “Сен ўғлинг Шерёсуб билан катта йўлга чиққин. У йўл кир ювувчининг даласи томон кетган. Юқори ҳовуз ариғининг охири бўлган ўша жойда Охозни кутиб олиб,
4 унга шундай деб айтинглар: «Ўзингни бос, тинчлан, қўрқма! Орам шоҳи Ратан ва Рамалиё ўғли ғазабга минган, аммо уларни деб қўрқувдан титрамагин. Иккови ҳам ёниб битаётган ғўладай.
5 Эфрайим ва Рамалиё ўғли билан бирга, Орам сенга қарши фитна қилиб, шундай деди:
6 ‘Яҳудога бостириб борамиз. Халқини ваҳимага солиб, қўлга оламиз. Сўнг Тўвал ўғлини* Яҳудо шоҳи қилиб тайинлаймиз.’
7 Аммо Эгамиз Раббий айтмоқда: Бу фитна амалга ошмас, Бу ҳеч қачон юз бермас.
8 Орамнинг боши Дамашқдир, Дамашқнинг боши Ратандир, Олтмиш беш йилдан сўнг Эфрайим Қирилиб битар, асло халқ бўлмас.
9 Эфрайимнинг боши Самариядир, Самариянинг боши Рамалиё ўғлидир. Агарда сўзимга ишонмасангиз, Мустаҳкам тура олмайсиз.»”
10 Эгамиз яна Ишаё орқали Охозга шундай деди:
11 — Айтганларимни амалга оширишимга ишонч ҳосил қилишинг учун, Мен, Эганг Худодан ўзингга бирор аломат сўра, ўша аломат ўликлар диёридан* чуқур ёки фалак тоқидан баланд бўлсин.
12 Шунда Охоз Ишаёга: — Сўрамайман, Эгамни синамайман, — деди.
13 Шунда Ишаё деди: — Эшитинг, эй Довуд хонадони! Одамларни бездирганингиз сизларга камлик қилгандай, Худойимни ҳам бездирасизларми?!
14 Энди Раббийнинг Ўзи сизларга аломат беради: ана, қиз ҳомиладор, у ўғил туғади ва Унинг исмини Иммануил* қўяди.
15 Ўша бола ёмонни рад этиб, яхшини танлашни биладиган ёшга етганда қатиқ ва асал ейди.
16 Ҳа, ўша вақт келмасдан олдин, сизларни ваҳимага солаётган иккала шоҳнинг ерлари ташландиқ бўлади.
17 Эгам сизнинг ва халқингизнинг, ота–боболарингизнинг хонадони бошига шундай кунларни соладики, Эфрайим Яҳудодан ажралиб чиққандан бери бундай кунлар уларнинг бошига тушмаган: эвоҳ, Оссурия шоҳи келмоқда!
18 Ўша куни Эгам Миср дарёларининг юқори оқимидаги пашшаларга, Оссурия юртидаги ариларга ишора қилади.
19 Шундан кейин уларнинг ҳаммаси келиб, чуқур сойликларга, қояларнинг ёриқларига жойлашадилар. Ҳамма чакалакзорларга, ҳамма яйловларга ўрнашиб оладилар.
20 Ўша куни Раббий Оссурия шоҳини ишлатади. У Раббийнинг қўлида Фурот дарёсининг ортида ижарага олинган устара каби бўлади. Ҳа, соқолингизни бутунлай қириб ташлайди, бошу оёғингизда бирорта тук қолмайди.
21 Ўша куни бир одам икки қўй ва бир ғунажинни тирик сақлаб қолади.
22 У одамда шунча кўп сут бўладики, у қатиқ ейди. Юртда қолганларнинг ҳаммаси қатиқ ва асал ейди.
23 Минг кумуш тангага арзийдиган, токларга тўла бир узумзор бор. Ўша куни мана шу узумзор ҳам чакалакзору тиканзорларга айланади.
24 Шундан кейин одамлар у ерга камону ўқлари билан борадиган бўлади.
25 Бир замонлар ишлов берилган, экин экилган барча тепаликларга энди сизлар бормайсизлар. Ахир, чакалакзору тиканзорлардан қўрқасизлар–да. У ерларда моллар ўтлайди, у ерларни қўй–эчкилар топтайди.