Ишаё 66 bob
1 Эгамиз шундай айтмоқда: “Осмон Менинг тахтимдир, Ер оёғим тагидаги курсидир. Менга қандай уй қуриб бера оласиз?! Қайси жой Менга маскан бўла олади?!
2 Ахир, ҳаммасини Ўз қўлларим билан яратганман, Ҳа, бутун борлиқ Мен туфайли мавжуддир, — демоқда Эгамиз. — Камтар, мўмин бўлган одамга, Каломим олдида титрайдиганга Мен эътибор билан қарайман.
3 Аммо буқани қурбонлик қиладиган инсон Одам ўлдирган қотил кабидир. Қўзини қурбонлик қиладиган одам Итнинг бўйнини синдирган одам кабидир. Дон назри қиладиган одам Чўчқа қонини назр қиладиган одам кабидир. Тутатқи тутатган одам Бутга топинадиган одам кабидир. Ўшалар ўз йўлларини танладилар, Қилган жирканч ишларидан жонлари лаззат олар.
4 Мен ҳам уларга қаттиқ жазо танлайман. Улар нимадан қўрқса, ўшани бошларига соламан. Ахир, чақирганимда, ҳеч ким жавоб бермади, Гапирганимда, ҳеч ким қулоқ солмади. Улар Менинг олдимда қабиҳлик қилдилар,Менга номаъқул бўлган йўлни танладилар.”
5 Эй Эгамизнинг каломини эшитиб, титрайдиганлар, Унинг сўзларига қулоқ тутинглар: “Қардошларингиз сиздан нафратланади, Менинг номимни деб улар сизни ҳайдаган. Сизларни мазах қилиб, шундай деган эди: «Қани, Эгангиз улуғворлигини кўрсатиб, Сизларни қутқарсин. Хурсанд бўлганингизни кўрайлик–чи!» Энди ўшалар шарманда бўлади.”
6 Шаҳардан кучли шовқин–сурон келмоқда! Маъбаддан бир овоз эшитилмоқда! Бу Эгамизнинг овозидир! У Ўзининг душманларига Қилмишларига яраша қайтаради.
7 Мана, Қуддус тўлғоқ тутмасдан олдин туғди, Тўлғоқ тутмай туриб, бир ўғил туғди.
8 Ким бундай воқеани эшитган?! Ким бундай ҳодисани кўрган?! Хўш, юрт бир кунда пайдо бўладими?! Бир онда бутун бир халқ дунёга келадими?! Қаранг, тўлғоғи тутар–тутмас Қиз Қуддус ўғиллар туғди.
9 “Туғадиган пайтгача олиб келаман–у, Туғишга куч бермайманми?! — демоқда Эгамиз. — Туғишга куч бераман–у, Бачадонни ёпиб қўяманми?!” — деб айтмоқда Худойингиз.
10 Эй Қуддусни севадиганлар, Қуддус билан бирга севининг, Ҳаммангиз у билан бирга шодланинг. Эй Қуддус учун аза тутганлар, У билан бирга хурсанд бўлинг!
11 Сиз унинг кўкрагидан эмгандай бўлиб, Тўйиб, тасалли топасиз. Қониб–қониб ичиб, Унинг мўл–кўл баракасидан завқ оласиз.
12 Ҳа, Эгамиз шундай айтмоқда: “Мен Қуддусга тинчликни дарё каби, Элатларнинг бойлигини тошқин сой каби оқизиб келтираман. Қуддус сизларни эмизикли боладай қўлларида кўтариб юради, Сизларни тиззаларига ўтирғизиб, парвариш қилади.
13 Боласини овутган бир она каби, Мен ҳам сизларни овутаман. Сизлар Қуддусда тасалли топасиз.”
14 Буларни кўриб, қалбингиз шодликка тўлади, Танангиз янги майса каби, ҳаёт билан тўлиқ бўлади. Эгамиз Ўз қулларига қудратини, Душманларига эса ғазабини кўрсатади.
15 Мана, қаранг! Эгамиз олов билан келмоқда, Унинг жанг аравалари қуюндай келмоқда. У аёвсиз қасос олади, Ғазаби олов каби ёнади.
16 Ҳа, Эгамиз олову қилич билан Жамики жонзотларга қарши курашади. Унинг қўлидан кўплари ҳалок бўлади.
17 Эгамиз шундай айтмоқда: “Ўзларини поклаб, бутларга бағишлаганлар, саждагоҳ боғларга бориб, йўлбошчиларига эргашганлар йўқ бўлади. Чўчқа ва бошқа ҳаром, макруҳ ҳайвонларнинг гўштини ейдиганлар, уларнинг ҳаммаси биргаликда ҳалок бўлади.
18 Уларнинг ишларидан, ўйларидан нафратланаман. Ҳамма халқларни, элатларни йиғиш вақти келди*. Улар келиб, Менинг улуғворлигимни кўрадилар.
19 Мен уларнинг орасида аломат кўрсатаман. Омон қолганларини қуйидаги халқлар орасига юбораман: Таршиш*, Ливия* халқларига, камонкашлари билан машҳур бўлган Лидия* халқига, Тувал* ва Юнон* халқларига, денгиз ортидаги Мен ҳақимда эшитмаган, Менинг улуғворлигимни кўрмаган халқларга. Улар Менинг буюклигимни ўзга халқларга билдирадилар.”
20 Эгамиз шундай дейди: “Ўшанда улар барча халқлар орасидан қолган ҳамма биродарларингизни олиб келишади. Уларни назр сифатида муқаддас тоғим* — Қуддусга келтиришади. Худди Исроил халқи пок дон назрини Маъбадга олиб келгандай, улар биродарларингизни Қуддусга отларда, жанг араваларида, от қўшилган араваларда, хачирларда ва туяларда олиб келишади.”
21 Эгамиз шундай дейди: “Уларнинг орасидан баъзиларини руҳоний, баъзиларини эса леви қилиб тайинлайман.”
22 Эгамиз шундай айтмоқда: “Мен яратадиган янги ер ва янги осмон кўз олдимда қанча турадиган бўлса, авлодларингиз ҳам, номингиз ҳам шунча туради.
23 Ҳар янги ой шодиёнасида, ҳар Шаббат кунида жамики инсонлар ҳузуримга келиб, Менга сажда қиладилар, — демоқда Эгамиз.
24 — Улар ташқарига чиққанларида Менга қарши чиққанларнинг жасадларини кўрадилар. Ўша жасадларни ейдиган қуртлар ўлмайди, уларни ёндирадиган олов ҳеч қачон ўчмайди. Ҳаммаси барча инсон зотига жирканч бўлади.”