Ишаё 61 bob
1 Эгамиз Раббийнинг Руҳи мени қамраб олган, Чунки У мени танлаган. “Йўқсилларга хушхабар етказсин, Хаста қалбларга шифо берсин, Асирларга озодлик эълон қилсин, Зиндондагиларга эркинлик хабарини берсин” деб, Эгам мени юборди.
2 “Эгамнинг марҳамат йилини, Худонинг қасос оладиган кунини эълон қилсин, Азадорларнинг ҳаммасини овутсин” деб, Эгам мени юборди.
3 “Қуддусда нола қилаётганларга тасалли берсин, Уларга кул ўрнига зеб–зийнат, Аза ўрнига шодлик мойи, Маъюс руҳ ўрнига мадҳия берсин” деб, Эгам мени юборди. Энди уларни “Эгамиз Ўз шуҳрати учун эккан кўчатлар, Солиҳлик эманлари” деб аташади.
4 Энди улар қадимги вайроналарни қайта тиклайди, Азалий вайрона ерларни яна ўнглайди, Насллар оша вайрон ётган шаҳарларни қайта қуради.
5 Эй халқим, бегоналар келиб, мол–қўйларингизни боқади, Ёт халқ ўғиллари деҳқонингиз, боғбонингиз бўлади.
6 Сизларни эса Эгамизнинг руҳонийлари деб аташади, Худойимизнинг хизматкорлари деган ном оласизлар. Элатларнинг бойликлари сизларники бўлади, Ўзга халқлардан келган мол–мулк билан фахрланасиз.
7 Уят ўрнига сизлар икки ҳисса улуш оласиз. Шарманда бўлмайсиз, олган мулкингиздан шодланасиз. Ҳа, ўз юртингизда икки ҳисса улуш оласиз, Абадий шодликка эга бўласиз.
8 Эгам айтар: “Мен, Эгангиз, адолатни севаман, Талончилик, ҳақсизликдан нафратланаман. Садоқат билан халқимга мукофотини бераман. Улар билан абадий аҳд тузаман.
9 Уларнинг насли халқлар орасида машҳур бўлади, Уларнинг зурриёти эллар орасида донг таратади, Кўрганларнинг ҳаммаси уларни «Эгамиз барака берган халқ» деб тан олади.”
10 Эгам туфайли мен буюк шодлик топаман, Худойим деб қалбим жўш уради. Зотан, У мени нажот либоси билан ўради, Зафар кийимини менга кийдирди. Мен тож кийган куёвга ўхшайман, Зеб–зийнат билан безанган келиндайман.
11 Ер ўсимликни етиштиргани каби, Боғ экилганларни ўстиргани сингари, Эгамиз Раббий барча халқлар кўз ўнгида Солиҳлик ва мадҳияларни етиштиради.