Ишаё 55 bob
1 Эгам айтар: “Эй ташна бўлганлар! Ҳаммангиз сувга келинглар! Эй пулсизлар, келинг, сотиб олиб, енглар! Келинг, шаробу сут сотиб олинг пулсиз, текинга!
2 Нима учун пулингизни Қорин тўйғизмайдиган нарсага сарф қиласиз? Нима учун ишлаб топганингизни Қониқтирмайдиган нарсаларга сарф қиласиз? Эшитинг, Менга қулоқ солинг! Шунда аъло таомларни ейсиз, Ёғли таомлар еб, маза қиласиз.
3 Қулоқ солинг, Менга келинг, Тингланг, шунда яшайсиз. Довудга ваъда берган содиқ севгим ҳақи Сиз билан абадий аҳд тузаман.
4 Мана Мен Довудни халқларга гувоҳ қилдим, Уни халқларнинг ҳукмдори, раҳнамоси қилдим.
5 Ўзингиз танимаган халқларни чақирасиз, Сизни танимаган халқлар олдингизга келади. Мени, Исроил халқининг Муқаддас Худоси — Эгангиз Худони деб Бу халқлар келади, Зотан, Мен сизни улуғворликка буркаганман.”
6 Эгангиз ёнингизда экан, Унга интилинг, У яқинингизда экан, Уни чақиринг!
7 Бадкирдор йўлидан қайтсин, Гуноҳкор ниятидан қайтсин, Улар Эгамизга қайтсин, Эгамиз шафқат кўрсатади, Улар Худойимизга қайтсин, Унинг юраги кечиримга бой.
8 Эгамиз шундай демоқда: “Сизларнинг фикрингиз Меники эмас, Менинг йўлларим сизларники эмас.
9 Осмон ердан қанчалик баланд бўлса, Менинг йўлларим ҳам, ўйларим ҳам, Сизларнинг йўлларингиздан, ўйларингиздан Шунчалик баланддир.
10 Осмондан қор, ёмғир ёғади. Улар осмонга қайтмай, ерни суғоради, Токи ер ўсимлик ўстирсин, Эккани дон, егани нон берсин.
11 Менинг оғзимдан чиққан сўз шундай бўлади, Менга бўм–бўш қайтиб келмайди. Менинг хоҳиш–иродамни ўша сўз бажаради, Қайси ниятда юборсам, Ўшани бажо қилади.
12 Ҳа, сиз хурсанд бўлиб борасиз, Соғ–омон қайтиб келасиз. Олдингизда тоғлар, тепаликлар Севинч ила ҳайқиради, Даладаги ҳамма дарахтлар қарсак чалади.
13 Тиканзорлар ўрнига сарв дарахтлари ўсади, Газанда ўт ўрнига мирта буталари ўсади. Шундай қилиб, булар Мен, Эгангга шараф бўлади. Туганмас, абадий нишона бўлиб қолади.”