Ишаё 54 bob
1 Эгам айтар: “Эй бола кўрмаган бепушт аёл! Шодликдан ҳайқир! Эй тўлғоқ оғриғини билмаган аёл! Севинчдан ҳайқир! Ахир, ташлаб кетилган аёлнинг болалари Эри бор хотинникидан ҳам кўпроқ бўлади.
2 Чодиринг жойини кенгайтиргин, Чодиринг пардаларини кенг чўздиргин! Ҳеч нарсани аяма! Арқонларингни узун ташлагин, Қозиқларингни маҳкам қоққин!
3 Ахир, мулкинг ўнгу сўлга кенгайиб кетади. Авлодинг халқларни мулк қилиб олади, Улар ташландиқ шаҳарларни тўлдиради.
4 Қўрқма, уятга қолмайсан, Уялма, шарманда бўлмайсан! Ахир, сен ёшлигингдаги шармандаликни унутасан, Бевалигингдаги шармандаликни бошқа эсламайсан.
5 Зотан, Мен, Яратувчинг, сенинг эринг бўламан. Менинг номим Сарвари Оламдир! Мен, Исроил халқининг Муқаддас Худоси, қутқарувчингман, Мен бутун ер юзининг Худоси деб аталаман.
6 Эй Исроил! Сен ташлаб кетилган, Руҳи азобланган аёлдайсан. Рад этилган, ёш жувондайсан. Аммо Мен, Эганг, сени чақириб оламан, — демоқда Худойинг. —
7 Қисқа вақтга Мен сени тарк этгандим, Буюк шафқат ила сени қайтариб оламан.
8 Қаттиқ ғазабда сендан бир лаҳзага юз ўгиргандим, Энди туганмас меҳр билан сенга раҳм қиламан, — демоқда қутқарувчинг — Эгамиз. —
9 Ҳа, Мен учун бу Нуҳ даври кабидир. Энди ер юзини Нуҳ тўфони каби, Ҳеч қачон сув босмайди, деб онт ичганман. Худди шундай қилиб, яна онт ичаман: «Ҳеч қачон сендан ғазабланмайман, Сенга жаҳл қилмайман!»
10 Тоғлар ўрнидан қўзғалса ҳам, Тепаликлар тебранса ҳам, Менинг содиқ севгим сендан кетмайди, Менинг тинчлик аҳдим ўзгармайди.” Сени севувчи Эгамизнинг каломи шудир.
11 Эгам айтар: “Эй мазлум шаҳар! Бўронларда қолдинг, аммо ҳеч ким сени юпатмади! Мана, Мен фируза тошлар ишлатиб, сени қайта қураман. Зангори ёқут тошлардан сенга пойдевор қўяман.
12 Минораларингни ёқутлардан қураман, Дарвозаларингни гавҳарлардан қиламан, Барча деворларингни қимматбаҳо тошлардан қураман.
13 Ҳамма болаларингга Мен, Эганг, таълим бераман, Фарзандларингнинг тинчлиги буюк бўлади.
14 Мен сени душманларингдан халос қилганимда Сен бехатар бўласан. Зулм сендан узоқда бўлади, Ҳалокатдан қўрқмайсан, Чунки у сенга яқинлашмайди.
15 Агар кимдир сенга ҳужум қилса, Билгинки, уни Мен қилмаган бўламан. Сенга ҳужум қилган ҳар ким мағлуб бўлади.
16 Темирчига қара! У тошкўмир чўғини пуфлайди, Қотиллик учун қурол ясайди. Уни Мен яратганман. Вайрон қилсин деб, Босқинчини ҳам Мен яратдим.
17 Сенга қарши ясалган Ҳеч қандай қурол сенга бас кела олмайди. Сен билан даъволашган ҳар бир одамнинг Даъволарини сен йўққа чиқарасан. Менинг қулларимга ана шулар насиб қилади, Ўзим уларга ғалаба ато қиламан.” Эгамизнинг каломи шудир.