1 Бизнинг хабаримизга ким ишонди? Эгамизнинг қудратли кучи кимга аён бўлди?
2 Эгамизнинг қули Эгамиз олдида янги кўчатдай, Қуруқ тупроқдаги илдиздай ўсди. Бизни ўзига жалб қиладиган Гўзаллик, улуғворлик унда йўқ эди. Бизни ўзига ром этадиган Ҳеч бир жозибаси йўқ эди.
3 Одамлар ундан нафратландилар, уни рад этдилар. У қайғу, азоб–уқубат нималигини биларди. Ҳамма ундан юз ўгирди, ундан ҳазар қилди. Биз уни одам қаторида санамадик.
4 Ҳа, дардларимизни у ўзига олди, Оғриқларимизни у ўз зиммасига олди. Биз эса ўйладик: “Уни Худо урган, Аламдийда, жабрланган у!”
5 У эса бизнинг гуноҳларимизни деб ярадор бўлди, Бизнинг айбларимиз туфайли эзилди. Бизга тинчлик келтирадиган жазо унга тушди, Унинг яралари бизга шифо берди.
6 Ҳаммамиз қўйлардай йўлдан адашдик, Ҳаммамиз ўз йўлимиздан кетдик. Ҳаммамизнинг айбларимизни Эгамиз унинг зиммасига юклади.
7 У жабр кўрди, ўзи уқубат чекди, Аммо миқ этмади, оғзини очмади. Бўғизланишга олиб борилган қўзидай, Жун қирқувчи олдида жим турган қўйдай У миқ этмади, оғзини очмади.
8 Ҳукм билан, куч билан олиб кетилди. Унинг насли ҳақида ким ўйлайди? Тириклар юртидан у улоқтирилди, Халқимизнинг гуноҳи туфайли унга зарба тушди.
9 Гарчи у ёвузлик қилмаган бўлса ҳам, Оғзидан ёлғон сўз чиқмаган бўлса ҳам, Унга ёвузлар қатори қабр берилганди, Аммо ўлганда у бойлар ёнига қўйилди.
10 Эгамиз Ўз қулини эзишни, азоблашни маъқул кўрди. Шундай бўлса ҳам, Эгамизнинг қули ўз наслини кўради, Узоқ умр кечиради, Чунки у ўзини гуноҳ учун назр қилди. У орқали Эгамизнинг хоҳиши бажо бўлади.
11 Чеккан азобларининг натижасини кўриб, У мамнун бўлади. Менинг солиҳ қулим ўз билими туфайли Кўпчиликни оқлаб, уларнинг айбини ўзига олади.
12 Шу боис буюклар қаторида унга улуш бераман, У кучлилар билан ўлжаларни бўлишади. Ахир, у ўзини ўлимга тутиб берди, Гуноҳкорлар қаторида саналди. Кўпларнинг гуноҳини у ўзига олди, Гуноҳкорлар учун васийлик қилди.