Ишаё 52 bob
1 Уйғон, уйғон, эй Қуддус, Куч–қудратга тўлгин. Ажойиб кийимларингни кийгин, Эй Сион, муқаддас шаҳар! Мана энди суннатсизлар, нопоклар Дарвозаларингдан ичкари кирмайди!
2 Қани, тур, тупроқни қоқиб ташла! Эй Қуддус, ўз тахтингга ўтир! Бўйнингдаги занжирни узиб ташла, Эй асира қиз Сион!
3 Мана Эгамиз шундай демоқда: “Сизлар бепул сотилган эдингиз, энди пулсиз қутқариласиз.”
4 Ҳа, Эгамиз Раббий шундай демоқда: “Олдин халқим Мисрга борди. У ерда мусофир бўлди. Кейин Оссурияликлар сабабсиз уларга зулм ўтказди.
5 Бу нимаси? — демоқда Эгамиз. — Халқим беҳудага босиб олинди. Ҳукмдорлари фарёд қилмоқда, — демоқда Эгамиз. — Менинг номим доимо, кун бўйи ҳақорат қилинмоқда.
6 Шу боис халқим номимни билиб олади. Ҳа, Мен гапираётганимни ўша куни улар билиб олади. Мана, Мен Ўшаман.”
7 Тоғлар оша тинчликни эълон қилган Хабарчининг қадамлари нақадар гўзал! У хушхабар олиб келмоқда, У нажотни эълон қилмоқда, У Қуддусга: “Худойинг ҳукмрондир”, демоқда.
8 Қулоқ солинг! Соқчиларингиз овозини кўтармоқда, Биргаликда улар шодликдан куйламоқда! Ахир, Эгамизнинг Қуддусга қайтиб келишини Улар ўз кўзлари билан кўради.
9 Эй Қуддус вайроналари! Биргаликда севинч ила ҳайқиринг. Эгамиз Ўз халқига тасалли берди, Қуддусни қутқариб, Ўзига олди!
10 Ҳамма халқларнинг кўз ўнгида Эгамиз муқаддас қўлини кўрсатди. Худойимизнинг нажотини Ернинг тўрт бурчи кўради.
11 Кетинг, у ердан чиқиб кетинг! Ҳаром бўлганларга тегиб кетманг! Эй Эгамизнинг муқаддас ашёларини кўтарадиганлар*, У ердан чиқинглар, покланинглар!
12 Мана, сиз шошилмай йўлга чиқасиз, Қочишингизга асло ҳожат қолмайди. Ахир, Эгамиз олдингизда бормоқда, Исроил халқининг Худоси ортингиздан Сизни қўриқламоқда.
13 Эгам айтар: “Мана, Менинг қулим яшнайди, У кўтарилиб, юксалади, Ғоят баландга кўтарилади.
14 Илгари унинг қиёфаси шундай бадбашара эдики, Инсон зотига ўхшаш жойи қолмаган эди. Шу боис кўплар унинг олдида даҳшатга тушди,
15 Энди эса у кўп халқларни ҳайратда қолдиради, Уни деб шоҳлар ҳам лол бўлиб қолади. Ахир, улар билмаган нарсаларни кўрадилар, Эшитмаганларини англаб етадилар.”