Ишаё 51 bob
1 Эгам айтар: “Эй нажотга умид боғлаганлар, Мен, Эгангизга интилаётганлар, Менга қулоқ солинг! Қаердан келиб чиққанингизга эътибор беринг: Қоянгизга қаранг, сиз ундан кесиб олингансиз, Конингизга қаранг, сиз ундан қазиб олингансиз.
2 Ҳа, отангиз Иброҳимга боқинг, Сизни туққан Сорага қаранг. Иброҳимни чақирганимда, у ёлғиз эди, Мен унга барака бериб, кўпайтирдим.
3 Мана, Мен, Эгангиз, Қуддусга тасалли бераман, Унинг барча вайроналарига тасалли бераман. Унинг саҳросини Адан боғига айлантираман, Унинг чўлини Менинг боғимдай қиламан. У ерда шодлик, севинч бўлади, Шукроналик ва қўшиқ садолари янграйди.
4 Эй халқим! Менга қулоқ солинг! Қулоқ тутинг Менга, эй элатим! Мана, таълимот Мендан чиқиб боради, Адолатим халқларга нур бўлади.
5 Мен берадиган нажот ўз йўлига чиқди, Мен ғалаба қозонадиган вақт яқинлашди. Халқлар орасида қўлим ила адолат ўрнатаман, Денгиз ортидаги юртлар Менга умид боғлайди, Билагимнинг кучидан улар умид қилади.
6 Кўзларингизни самоларга қаратинг, Пастга, ер юзига назар солинг. Самолар тутун каби йўқолади, Замин кийим каби тўзиб битади. Замин аҳли чивиндай ўлиб кетади, Мен берадиган нажот эса то абад бўлади, Менинг ғалабам бекор қилинмайди.
7 Эй таълимотимни қалбига жо қилганлар, Сизлар нима тўғри эканлигини биласизлар. Менга қулоқ солинг! Инсон ҳақоратларидан қўрқманглар, Уларнинг таҳқирларидан хафа бўлманглар.
8 Куя кийимни, қурт жунни еб битиргандай, Улар ҳам йўқ бўлиб кетади. Менинг ғалабам эса абадий бўлади, Нажотим насллар бўйи давом этади.”
9 Уйғон, уйғон, эй Эгам! Куч–қудратингга буркангин! Уйғон қадимги пайтлардагидай, Азалий насллар давридагидай. Махлуқ Раҳобни парчалаган Сен эмасмидинг?! Аждарга тиғ санчган Сен эмасмидинг?!
10 Сен эмасмидинг денгизни қуритган, Ғоят тубсизликдаги сувларни қуритган?! Ўзингга тегишли бўлганлар ўтсин деб, Денгиз тубини йўл қилган Сен эмасмидинг?!
11 Эгамиз қутқарганлар қайтиб келади, Қўшиқ айтиб Қуддусга келади. Абадий шодлик уларнинг бошида тож бўлади. Улар шодлик, севинчга етишади, Қайғу, надомат улардан узоққа қочади.
12 Эгам айтар: “Мен Ўзим сизларни юпатаман! Кимдан қўрқасиз? Ўладиган бандаданми? Майсага ўхшаб сўлийдиган инсон зотиданми?!
13 Самоларни ёйган, замин пойдеворини ўрнатган, Сизларни яратган Мен, Эгангизни унутиб қўйдингиз. Сизни қирмоқчи бўлган золимнинг ғазабидан Ҳар доим титраб–қақшаб турасиз. Аммо қани энди золимнинг ғазаби?!
14 Мазлумлар тез орада озод бўлади, Улар ўлмайди, қабрга тушмайди, Нонга зор бўлмайди.
15 Мен Эгангиз Худоман. Денгизни қўзғатадиган, Тўлқинларни гувиллатадиган Менман. Менинг номим Сарвари Оламдир!
16 Оғзингизга сўзларимни солдим, Сизларни қўлим соясида яширдим. Самоларни ўрнатганман, Замин пойдеворини қўйганман. Қуддусга: «Сен Менинг халқимсан», деганман.”
17 Уйғон, уйғон эй Қуддус, оёққа тур! Сен Эгангнинг қўлидаги ғазаб косасидан ичдинг! Тагидаги қуйқумигача ичиб, Гандираклаб қолдинг.
18 Ўзинг туққан шунча ўғиллар орасидан Сени етаклайдиган биронтаси ҳам йўқ. Ўзинг ўстирган шунча ўғиллар орасидан Қўлингдан тутадиган биронтаси йўқ.
19 Бошингга қўш фалокат келди, Ким сенга тасалли беради?! Атрофингда талончилигу ҳалокат, очлигу қилич, Ким сени юпата олади?!
20 Ҳар бир кўча бошида Ўғилларинг сулайиб ётибди. Улар тўрга тушган кийиклар кабидир. Эгангиз бор қаҳр–ғазабию Ўз танбеҳи билан Уларни шу аҳволга солди.
21 Шу боис энди бунга қулоқ солинг, Эй азоб чекканлар! Сизлар мастсиз, аммо шаробдан эмас!
22 Ўз халқини ҳимоя қиладиган Худойингиз — Эгангиз Раббий шундай айтмоқда: “Мана, сенинг қўлингдан Гандираклатадиган косани олдим. Энди ғазабим косасидан бошқа ичмайсан.
23 Уни сенга азоб берганларнинг қўлига бераман. Улар сенга: «Ерга ёт, устингдан Босиб ўтайлик», деган эди. Елкаларинг уларга ер каби бўлди. Сен ўзинг йўлдай бўлдинг, Улар устингдан босиб ўтди.”