Ишаё 50 bob
1 Эгамиз шундай айтмоқда: “Мен онангизни ҳайдаб юборган эдим, Унинг талоқ хати қани? Хўш, сизни қайси қарз берувчимга сотибман? Мана, гуноҳларингиз туфайли сотилдингиз, Итоатсизлигингиз дастидан онангиз ҳайдалди.
2 Келганимда нега бирон кимса йўқ эди? Чақирганимда нега ҳеч ким жавоб бермади? Сизни қутқаришга Менинг қўлим қисқами? Ёки сизни озод қилишга кучим етмасми? Бир таҳдид қилсам денгиз қурийди, Дарёларни чўлга айлантираман. Сувлар қуриб, балиқлари сасийди, Сув йўқлигидан балиқлар ўлиб кетади.
3 Самоларга қора кийдираман, Қанорни уларнинг ёпинчиғи қиламан.”
4 Толиққанларга сўз билан мадад берсин деб, Эгам Раббий менга доно тил берди. Ҳар тонг У мени уйғотади, Донолардай тингласин деб, қулоғимни очади.
5 Эгам Раббий қулоғимни очди, Мен итоатсизлик қилмадим, Мен Ундан юз ўгириб кетмадим.
6 Мени урганларга кифтимни очдим, Соқолимни юлганларга юзимни тутдим, Ҳақорат, тупуришлардан юзимни яширмадим.
7 Эгам Раббий менга мадад беради, Шу боис мен ҳеч шарманда бўлмадим. Азобларга бардош беришга қарор қилдим, Биламан, шарманда бўлмайман.
8 Мени оқлайдиган яқинимдадир, Мен билан даъволашадиган ким, юзлашайлик–чи! Қани рақибларим? Менга қарши чиқсин!
9 Мана, Эгам Раббий менга мадад беради, Қани, ким мени айбдор деб айта олади?! Қаранг, уларнинг ҳаммаси кийим каби эскиради, Уларни куя еб тамом қилади.
10 Орангиздан ким Эгамиздан қўрқади? Ким қулининг овозига қулоқ солади? Зулматда юрганлар, нурдан маҳрум бўлганлар Эгамизнинг номига умид боғласин, Ҳа, ўзининг Худосига таянсин!
11 Ахир, ҳаммангиз аланга ёқяпсиз, Машъаллар ёқяпсиз. Алангангиз ёруғида юраверинг, Ўзингиз ёққан машъала ёруғида юраверинг. Қаранг, Худо сизларни не кўйга солади: У бошингизга азоб–уқубат келтиради.