Ишаё 49 bob
1 Қулоқ солинг, эй денгиз ортидаги юртлар! Эътибор беринг, эй узоқдаги халқлар! Туғилмасимдан олдин Эгам мени чақирди, Она қорнида бўлганимдаёқ У исмимни айтиб чақирди.
2 У тилимни ўткир қиличдай қилди, Қўлининг соясида У мени яширди. У мени учли ўқдай қилди, Ўқдонига мени яширди.
3 У менга шундай деди: “Сен Менинг қулимсан, Эй Исроил, Мен сен туфайли шуҳрат топаман.”
4 Мен шундай дедим: “Мен бекорга меҳнат қилдим, Кучимни беҳуда, бефойда сарф этдим.” Аммо Эгам мени ҳукм қилади–ку, Мукофотлаш Худойимнинг қўлидадир.
5 Энди Эгам гапирди. Ёқуб наслини Унга қайтарсин деб, Исроилни Унинг олдига тўпласин деб, Онам қорнидаёқ мени Ўз қули қилиб яратди. Эгамнинг кўзи олдида мен шуҳрат топаман, Худойим менинг куч–қудратим бўлди.
6 У шундай деди: “Ҳа, сен Ёқуб қабилаларини қайта тиклайсан, Исроилнинг омон қолганларини Ўз юртига қайтариб олиб келасан. Бироқ сени фақат шунинг учунгина қулим қилмадим. Мен сени бошқа халқларга нур қиламан, Токи Мен берадиган нажот ернинг четигача етиб борсин.”
7 Исроил халқининг қутқарувчиси, Уларнинг Муқаддас Худоси — Эгамиз шундай айтмоқда: “Эй хору зор бўлган бечора қулим, Сен халқларнинг нафратига учрагансан, Ҳукмдорларнинг қулига айлангансан. Бироқ сенга айтаманки, Сени кўриб, шоҳлар ўрнидан туради, Ҳукмдорлар тиз чўкиб таъзим қилади. Исроил халқининг Муқаддас Худоси — Содиқ Эгангиз ҳақи–ҳурмати шундай қилади. Ахир, У сени танлаган–ку!”
8 Эгамиз шундай айтмоқда: “Мурувват пайти келганда, Мен сенга жавоб бердим, Нажот куни келганда, Мен сенга ёрдам бердим. Ўзим сени ҳимоя қиламан, Халқим билан тузган аҳдимни Сен орқали амалга ошираман. Токи юрт қайта тиклансин, Ташландиқ мулклар тақсимлансин.
9 Маҳбусларга: «Чиқинглар!» демоқдаман. Зулматдагиларга: «Кўрининглар!» деб айтмоқдаман. Йўл бўйида улар ўтлоқлар топади, Тап–тақир қирлар уларнинг яйлови бўлади.
10 Улар на очликни, на ташналикни билади, На гармсел, на жазирама қуёшдан азоб чекади. Меҳр–шафқат кўрсатиб, уларни етаклайман, Уларни булоқларга бошлаб бораман.
11 Ҳамма тепаликларимни текис йўл қиламан, Жарликларни тўлдириб, йўллар барпо этаман.
12 Мана, улар узоқлардан келади. Қаранг, улар шимолдан, ғарбдан, Синим юртидан ҳам келади.”
13 Шодликдан куйланг, эй самолар, Хурсанд бўл, эй замин! Қўшиққа жўр бўлинг, эй тоғлар! Эгамиз халқига тасалли берди, Эзилган халқига раҳм қилди!
14 Аммо Қуддус шундай деди: “Эгам мени тарк этди, Раббим мени унутиб қўйди.”
15 Эгам айтар: “Ахир, аёл киши эмизикли боласини унутадими?! Ўзи туққан боласига раҳм қилмайдими?! Агар хотинлар боласини унутсалар ҳам, Мен сени асло унутмайман!
16 Қара, сенинг номингни кафтимга ёзиб қўйдим, Эй Қуддус, доимо кўз ўнгимдасан!
17 Ҳадемай, фарзандларинг қайтиб келади, Сени вайрон қилиб, йўқотмоқчи бўлганлар Сендан чиқиб кетади.
18 Бошингни кўтариб, атрофга қара, Ҳамма фарзандларинг тўпланиб, олдингга келишди.” Эгамиз шундай демоқда: “Мен барҳаёт Худо бўлганим ҳақи айтаманки, Ҳаммаси зебу зийнатдай сени безатиб туради, Келинчакдай уларни тақинчоқ қилиб тақасан.
19 Ҳа, еринг кимсасиз, ҳувиллаб қолганди, Юртинг вайронага айланганди. Энди эса одам кўплигидан тор бўлиб қолади, Бузғунчилар сендан узоқда юради.
20 Асирликда туғилган фарзандларинг Ҳали сенга шундай дейди: «Бу жой бизга торлик қиляпти, Жой беринг, биз ҳам яшайлик.»
21 Шунда ўзингга ўзинг дейсан: «Уларни менга ким туғиб берди? Фарзандсиз эдим, туғмас бўлиб қолгандим. Сургунда эдим, хор бўлгандим. Уларни ким менга катта қилиб берди? Ёлғиз ўзим қолгандим–ку, Энди улар қаердан келиб қолди?»”
22 Эгамиз Раббий шундай айтмоқда: “Мана, Мен халқларга қўл кўтариб, ишора бераман, Элатларга байроғимни кўтараман. Болаларингни улар қўлларида кўтариб келади, Қизларингни улар опичлаб келади.
23 Шоҳлар сенга хизмат қилиб, боқади, Маликалар сенга энагалик қилади. Бошлари ерга теккудай бўлиб, Улар сенга таъзим қилади, Оёқларинг чангини ялаб–юлқайди. Ўшанда Мен Эганг эканлигимни биласан. Менга умид боғлаган шарманда бўлмайди.”
24 Бирор кимса кучли жангчидан Ўлжани олиб қўя оладими?! Наҳотки золимнинг қўлига асир тушган қутула олса?!
25 Эгамиз эса шундай айтмоқда: “Мана, кучли жангчидан асирлар тортиб олинади, Золимга ўлжа бўлганлар қутқарилади! Сенга қарши чиққанларга Мен қарши чиқаман, Сенинг болаларингни Мен Ўзим қутқараман!
26 Сенга зулм қилганларга ўз танасини едираман, Улар шароб ичгандай бўлиб, ўз қонидан маст бўлади. Шунда жамики одамзод Мен, Эганг, нажоткоринг ва қутқарувчинг эканлигимни, Ёқуб наслининг қудратли Худоси эканлигимни билиб олади.”