1 Эгам айтар: “Худо Бэл тиз чўкди, худо Наво букилди. Уларнинг бутлари молу ҳайвонга юк бўлди. Олдин кўтариб юрганларингиз Энди толиққанга юк бўлди.
2 Улар эгилди, бирга тиз чўкди, Улар энди юкни қутқара олмайди, Ўзлари эса асир бўлиб кетади.
3 Эй Ёқуб насли! Менга қулоқ солинг! Эй Исроил наслининг омон қолганлари! Эй халқим! Туғилганингдан бери сени онадай кўтариб юрдим, Ҳа, дунёга келмасингдан олдин Мен таянчинг бўлдим.
4 Кексайгунингча ҳам Мен Ўшаман, Сочинг оқарганда ҳам сени кўтариб юраман. Мен сени яратганман, Ўзим сени кўтараман. Ўзим сени кўтариб, қутқараман.
5 Мени кимга ўхшатасан?! Кимга тенглаштирасан?! Мени кимга таққослайсан?! Нима, Мен ўшалар билан тенг бўлиб қолдимми?!
6 Мана, одамлар ҳамёндан тилла чиқарадилар. Кумушни тарозиларда тортадилар. Уста ёллаб, худо ясаттирадилар. Улар ўша худосига таъзим қиладилар. Ҳа, унга сажда қиладилар.
7 Ўша худосини опичлаб олиб кетадилар, Уни жойига ўрнатиб, турғизиб қўядилар. У жойидан қимирламай тураверади. Кимдир унга ёлворганда, жавоб бермайди, Машаққатидан халос қила олмайди.
8 Буни ёдда тутинг, маҳкам бўлинг! Эй исёнкорлар, буни эсга олиб туринг!
9 Азалдан бўлганларни ёдда тутинг! Ахир, Мен Худоман, бошқаси йўқ! Мен Худоман, Менга ўхшагани йўқ!
10 Охирида нима бўлишини бошидаёқ айтаман. Содир бўлмаганларни олдиндан билдираман. «Ниятларим бажо бўлади, Барча истакларимни ижро этаман», деб айтмоқдаман.
11 Шарқдан йиртқич қушни чақиряпман. Ҳа, хоҳишимни бажарадиганни Узоқ юртдан чақиряпман. Мен Ўз айтганимни бажо қиламан! Ҳа, ўйлаганимни амалга ошираман!
12 Менга қулоқ солинг, эй ўжарлар! Ғалаба узоқ, деб ўйлаганлар!
13 Мана, Мен ғалаба келтираман, у узоқда эмас. Кечиктирмай нажот бераман. Ҳа, Қуддусга нажот ато қиламан, Исроилга Ўз улуғворлигимни бераман.”