Ишаё 45 bob
1 Эгам айтар: “Мен шоҳ Курушни ўнг қўлидан тутиб турибман. Халқларни унга итоат эттирай дея, Шоҳларни қуролсизлантираман. Унинг олдида эшиклар очиқ туради, Дарвозалар ёпилмайди.”
2 “Мен Ўзим Сенинг олдингда бораман, Тоғларни текисликка айлантираман, Бронза эшикларни парчалайман, Темир тамбаларни синдираман.
3 Мен Эганг эканлигимни билиб олгин, Сенинг исмингни айтиб чақираётган Мен Исроил халқининг Худоси эканлигимни англагин деб, Яшириб қўйилган бойликларни, Зулматдаги хазинани сенга бераман.
4 Қулим Ёқуб ҳақи, Ўзим танлаган Исроил ҳақи, Сенинг исмингни айтиб чақирдим. Сенга ном ато қилдим, Аммо сен Мени билмайсан.
5 Мен Эгангман, бошқаси йўқ, Мендан ўзга худо йўқ! Сенга мадад бераман, Аммо Мени билмайсан.
6 Мендан бошқаси йўқлигини Шарқу ғарбда ҳамма билсин, дедим. Мен Эгангман, бошқаси йўқ!
7 Мен ёруғлик яратаман, зулмат бино қиламан, Фаровонлик юбораман, кулфат ёғдираман. Мен Эгангман! Буларнинг ҳаммасини Мен қиламан!
8 Эй самолар, юқоридан солиҳлик ёғдиринг, Ҳа, солиҳлик булутлардан қуйилсин. Ердан нажот униб чиқсин, Солиҳлик билан бирга яшнасин. Мен Эгангизман! Мен уни яратганман.”
9 Ҳолингизга вой! Эй Яратувчи билан баҳслашадиганлар! Тупроқдан ясалган кўзаю хумлар! Ахир, лой кулолга: “Нима қиляпсан?” дейдими?! “Қўлингдан иш келмас экан!” деб айтадими?!
10 Туғилмаган ҳомила отасига: “Нима туғдиряпсиз ўзи?” деб айтадими?! Онасига: “Нимага мени туғяпсиз ўзи?” дейдими?! Сизларнинг ҳолингизга вой!
11 Исроил халқининг Муқаддас Худоси, Унинг Яратувчиси — Эгамиз шундай айтмоқда: “Хўш, энди Ўз фарзандларимнинг Тақдири ҳақида Мени сўроққа тутасизми?! Ўз қўлларим ижоди тўғрисида Менга кўрсатмалар берасизми?!
12 Заминни барпо қилган, Ер юзида инсонни яратган Менман. Мен Ўз қўлим билан осмонни ёйдим, Барча самовий жисмларга Мен буйруқ бердим.
13 Мен Ўзим Курушни қўзғатиб, Унга ғалаба бераман. Унинг барча йўлларини текислайман. У Менинг шаҳримни қуради. Пораю мукофот олмасдан Менинг асирларимни қўйиб юборади.” Сарвари Олам шундай деди.
14 Эгамиз айтмоқда: “Мисрнинг бойликлари, Ҳабашистоннинг хазиналари сеники бўлади! Саво юртининг баланд бўйли одамлари сенга келади. Улар сенга эргашади. Занжирбанд бўлиб, сенга таъзим қилади. Ёлвориб: «Ҳа, Худо сизнинг орангизда! Ундан бошқа Худо йўқ!» дейди.”
15 Эй Исроил халқининг Худоси — қутқарувчи! Ҳақиқатан ҳам, Сен Ўзини яширадиган Худосан.
16 Бут ясайдиганлар биргаликда уятга қолди. Ҳаммаси шармандаю шармисор бўлди.
17 Исроилни эса Эгамиз қутқарди, То абад нажот берди! Эй Исроил халқи, сизлар шарманда бўлмайсиз, То абад уятга қолмайсиз!
18 Эгамиз Самоларни яратган, У Худодир! У ерни барпо қилган, мустаҳкамлаган. Ерни бўш қилиб эмас, Яшашга лойиқ қилиб яратган. У шундай деб айтмоқда: “Мен Эгангизман, бошқаси йўқ.
19 Мен сизларга яширин жойда, Зимзиё юртда гапирмадим. Мен Ёқуб наслига: «Бўш жойлардан Мени қидиринг!» деб айтмадим. Мен Эгангизман. Ҳақиқатни айтаман, Тўғрисини эълон қиламан.
20 Эй халқларнинг омон қолганлари, Йиғилинглар, яқинлашиб, бирга келинглар! Ёғоч бутларини олиб юрадиганлар, Қутқармайдиган худога ибодат қиладиганлар Ҳеч нарсани англаб етмайдилар.
21 Гапиринг, исбот келтиринг. Ўзаро маслаҳатлашинг. Бу тўғрида ким қадимдан хабар берди? Азалдан ким айтиб берган эди? Мен Эгангиз эмасми?! Мендан бошқа Худо йўқ! Мен одил Худоман, қутқарувчиман! Мендан бошқаси йўқ.
22 Менга юз буринг, нажот топасиз, Эй заминнинг барча четлари! Ҳа, Мен Худоман, бошқаси йўқ.
23 Ўзим ҳақим онт ичдим, Оғзимдан тўғри сўз чиқди, беҳуда кетмас: Менинг олдимда ҳар бир одам тиз чўкади, Ҳар бир тил Менга садоқат қасамини ичади.
24 Мен ҳақимда: «Фақатгина Эгамизда адолат, қудрат бор», деб айтадилар. Мендан ғазабланганларнинг ҳаммаси Менга келадилар, улар уялиб қоладилар.
25 Аммо бутун Исроил насли Мен — Эгаси туфайли нажот топади. Улар мақтовга сазовор бўлади.”