Ишаё 38 bob
1 Ўша кунлари Ҳизқиё тузалмас хасталикка йўлиқиб, ўлим тўшагига ётиб қолди. Омиз ўғли Ишаё пайғамбар унинг ҳузурига келиб, шундай деди: “Эгамиз шундай айтмоқда: тайёргарлигингни кўриб қўявер, энди тузалмайсан, ўласан.”
2 Ҳизқиё юзини деворга буриб, Эгамизга ёлворди:
3 “Эй Эгам! Чин қалбимдан Сенга содиқ бўлиб, йўлларингдан юрганимни ва олдингда тўғри ишлар қилганимни эсла.” Шундай деб аччиқ–аччиқ йиғлади.
4 Шундан кейин Ишаёга Эгамизнинг қуйидаги сўзи аён бўлди:
5 “Бориб, Ҳизқиёга шундай деб айт: «Бобонг Довуднинг Худоси — Эгамиз шундай айтмоқда: илтижоларингни эшитдим, кўз ёшларингни кўрдим. Умрингни яна ўн беш йилга узайтираман.
6 Сени ва бу шаҳарни Оссурия шоҳининг қўлидан халос қиламан. Ҳа, бу шаҳарни ҳимоя қиламан.
7 Эй Ҳизқиё! Мен, Эганг, берган ваъдамни бажараман. Мана сенга Мендан аломат:
8 ана қара! Ботаётган қуёш Охознинг зинапоясига соя тушириб турибди. Ўша сояни ўн қадам орқага сурдираман.»” Шундай қилиб, соя ўн қадам орқага кетди.
9 Шоҳ Ҳизқиё соғайгандан кейин қуйидаги шеърни ёзди:
10 “Мен айтдим: Наҳотки ҳаётим чўққисида Ўликлар диёрига* борсам?! Умримнинг қолгани хазон бўлса?!
11 Наҳот, Эгамни энди кўрмасам?! Ҳа, Уни кўрмасман бу ёруғ дунёда. Тирик зотларни энди кўрмайман. Бу дунёдагилар билан бўлмайман.
12 Чўпоннинг чодири йиғилганидай Менинг умрим узилди, Мендан тортиб олинди. Умрим тўқувчининг матоси каби битди. Унинг дастгоҳидаги ипдай Менинг умрим ҳам қирқилди. Эй Раббий, туну кун мени қийнайсан.
13 Тонггача фарёд қилдим, Шердай ҳамма суякларимни синдирасан. Эй Раббий, туну кун мени қийнайсан.
14 Қалдирғочу турнадай нола чекдим, Мусичадай оҳ–воҳ қилдим. Юқорига қарайвериб, кўзларим толди, Эй Раббий, эзилдим, ёрдам бер менга!
15 Энди мен нима десам экан?! Эгам менга нима айтган бўлса, Унинг Ўзи ўшани қилди. Жоним тортган бу азоблар туфайли Умрим бўйи итоат этиб юраман.
16 Эй Раббий, Сенинг тарбиянг яхшидир, Чунки у ҳаёту соғликка етаклайди. Сен менга соғлигимни қайтардинг, Менга қайта ҳаёт бахш этдинг.
17 Мана, ҳамма қийинчилигим Яхшиликка айланди. Қабрдан мени сақладинг, Ҳамма гуноҳларимни кечирдинг.
18 Ахир, ўликлар диёри* Сенга шукур қилмайди, Ўлим Сенга ҳамду сано айтмайди. Қабрга борадиганлар Сенинг садоқатингдан умид қилмайди.
19 Мана, мен Сенга шукур айтмоқдаман. Ахир, тириклар, фақатгина тириклар Сенга шукур айтадилар–ку! Оталар ўзларининг фарзандларига Сенинг садоқатингни билдирадилар.
20 Эгам мени қутқаради. Бутун умримиз бўйи торли асбоблар ила Эгамнинг уйида куйлаймиз.”
21 Ишаё шундай деган эди: “Анжир ширасини олиб, яранинг устига қўйинглар. Шунда Ҳизқиё соғаяди.”
22 Буни эшитган Ҳизқиё: “Эгамизнинг уйига боришимни қандай биламан? Буни нима исботлайди?” деб сўраганди.