Ишаё 35 bob
1 Чўлу биёбон шод бўлади, Саҳро қувониб, атиргулдай гуллайди.
2 Ҳамма ёқда гул–чечаклар очилади, Чўл шодланиб, қувончдан ҳайқиради. Лубноннинг чиройи, Кармил тоғининг, Шарон текислигининг улуғворлиги Унга берилади. Улар Эгамизнинг шуҳратини, Худойимизнинг улуғворлигини кўради.
3 Қўллари чарчаганларга далда бергин, Тиззалари букилганларга мадад бергин.
4 Қўрқоқ юракларга шундай деб айтгин: “Дадил бўлинг, қўрқманг! Мана, Худойингиз! Қасос келмоқда илоҳий интиқом ила, Унинг Ўзи сизларга нажот беради.”
5 Ўша пайтда кўрларнинг кўзлари очилади, Карларнинг қулоқлари эса эшитади.
6 Чўлоқ ҳам оҳудай сакрайди, Соқов шодликдан ҳайқиради. Мана, ахир, саҳрода сув шариллаб оқмоқда, Чўл жойлар эса ирмоқларга тўла.
7 Қизиб ётган қум ҳовузга айланади, Қақраган ер қайнаётган булоқ бўлади. Олдин чиябўрилар яшаган масканларда Энди майса, қамиш, папируслар ўсади.
8 Ўша ердан катта йўл ўтади, Муқаддас Йўл деб аталган йўл бўлади. Нопоклар у йўлга қадам босмайди, Бу йўл мана шу йўлдан юрадиганларга қарашлидир. Бу йўлдан юрадиганлар, Ҳатто идроксизлар ҳам адашмайди.
9 У ерда шер бўлмайди. Йиртқич ҳайвон юрмайди. Улар бу ерда топилмайди. Ҳа, фақат нажот топганлар ўша ерда юради.
10 Эгамиз қутқарганлар қайтиб келади, Улар қўшиқ айтиб, Қуддусга киради. Бошларида абадий шодлик тожи бўлади, Шод–хуррамлик уларни қамраб олади, Қайғу, ғамлар йўқ бўлиб кетади.