Ишаё 34 bob
1 Эй элатлар, яқинроқ келинг, қулоқ солинг! Эй халқлар, диққат қилинг! Эшитинг, эй замин, заминдаги бор жонзот! Оламу унинг маҳсули, эшитинг!
2 Ҳа, Эгамиз бутун элатлардан ғазабда, Уларнинг лашкарларига қаҳри келди. Эгамиз уларни тамомила қириб ташлайди. Уларни бўғизлашга ҳукм этган.
3 Мурдалари кўмилмай қолиб кетади, Жасадларидан қўланса ҳид анқийди, Уларнинг қони қирларда дарё бўлиб оқади.
4 Самодаги ҳамма юлдузлар чириб кетади, Осмон ўрама қоғоздай* эшилиб кетади. Токдан қуриб тушган барглар сингари, Дарахтидан тўкилган анжир сингари, Самовий жисмлар тўкилиб кетади.
5 Эгам айтар: “Ҳа, самоларда Менинг қиличим пайдо бўлди. Мана, у Эдомга, Мен ҳалокатга ҳукм қилган халқнинг бошига тушади.”
6 Эгамизнинг қиличи қонга булғанган. Қўзилар, эчкилар ёғига, қонига, Қўчқор буйрагининг ёғига тўйган. Ҳа, Бозрах шаҳрида Эгамизга қурбонлик бор, Эдом юртида катта қирғин бошланади.
7 Ёввойи буқалар, новвослар, катта ҳўкизлар ҳам Улар билан бирга қирилиб кетади. Уларнинг ери қон билан суғорилади, Тупроғи ёғни шимиб олади.
8 Ҳа, бу кун Эгамизнинг қасос кунидир. Қуддус учун Эгамиз қасос оладиган йилдир бу.
9 Эдом ирмоқлари қатронга айланади, Тупроғи олтингугуртга айланади, Бутун юрт эса аланга ичида қолади.
10 Аланга кечаю кундуз ўчмайди, Тутун абадий кўтарилаверади. Бу юрт авлодлар оша Вайрона бўлиб қолаверади. Ҳеч ким уни то абад босиб ўтмайди.
11 У ер бойқушлару кирпиларнинг мулки бўлади, Уккию қарғалар у ерда макон қилади. Ҳа, Эгамиз бу юртни ўлчаб, Вайронаю харобага лойиқ топди.
12 Бу юртда аслзодалар йўқ энди, У ердан бирорта шоҳ чиқмайди, Барча шаҳзодалари йўқ бўлиб кетади.
13 Қалъаларида тиканлар ўсади, Саройларида янтоқлар, қушқўнмас буталар битади. У ер чиябўриларга маскан бўлади, Туяқушларнинг бошпанаси бўлади.
14 Ёввойи мушуклару сиртлонлар Бир–бирига дуч келади, Ёввойи эчкилар бир–бирини чақириб маърайди, У ерда тун шарпалари дам олади, Ўша ер уларга оромгоҳ бўлади.
15 Илонлар у ерда ин қуриб, тухум қўяди, Соя жойларда болаларини йиғади. Қузғунлар у ерда жуфтланиб тўпланади.
16 Мана, Эгамизнинг китобидан топиб, ўқинг: Ҳайвонлару қушлардан биронтаси йўқ бўлмайди, Уларнинг ҳаммаси жуфт–жуфт бўлади, Эгамизнинг Ўзи шундай амр этган, Унинг Руҳи ҳаммасини тўплади.
17 Эгамиз қуръа ташлаб, ҳар бирининг улушини берди, Арқон билан ўлчаб, юртни уларга бўлиб берди. Бу юрт то абад уларнинг мулки бўлади, Авлодлар оша улар бу ерда яшайди.