Ишаё 32 bob
1 Ана, шоҳ солиҳлик билан ҳукмронлик қилади, Ҳукмдорлар адолат билан бошқаради.
2 Ҳар бир одам шамолдан асрайдиган паноҳдай бўлади, Бўрондан сақлайдиган бошпана каби бўлади. Улар саҳродаги сув ўзанига ўхшайди, Ташна ердаги улкан қоянинг соясидай бўлади.
3 Кўриб турганлар энди кўз юмиб юрмайди, Қулоғи борлар энди қулоқ солади.
4 Идроксизнинг ақли англайдиган бўлади, Дудуқ одамнинг тили равон бўлади.
5 Аҳмоқни энди аслзода деб чақирмайдилар, Ярамасни, ҳурматга сазовор, деб айтмайдилар.
6 Мана, аҳмоқ калтафаҳмлик билан гапиради, Фикри–зикри эса ёвузлик билан банд. Қилганлари — нопоклик, Эгам ҳақида хато гапиради. Оч одамни у очлигича қолдиради, Чанқаганга сув бермайди.
7 Баттолнинг усуллари ёвуздир, У ёмонликлар режалаштиради, Ёлғон гап–сўзлари билан Фақирнинг ҳақ даъвосини йўққа чиқариб, Бечорани нобуд қилади.
8 Олижаноб одамлар эса яхши режалар тузади, Яхши ният қилиб, ўз сўзида туради.
9 Эй сиз, беғам аёллар, Туринглар, Менга қулоқ солинглар! Эй сиз, ўзига ишонган қизлар, Менинг гапларимни эшитинглар!
10 Эй сизлар, бепарво юрганлар, Бир йил ўтар–ўтмас титрай бошлайсиз. Узум ҳосили яхши бўлмайди, Мева ҳосил бермайди.
11 Қўрқинг, эй сиз, беғам аёллар, Қалтиранг, эй ўзига ишонган қизлар! Тавба қилиб, кийимингизни ечиб ташланг. Қанорга ўраниб, белингизни боғланг!
12 Кўкрагингизга уриб йиғланг Ажойиб далаларингиз, Серҳосил узумзорларингиз учун!
13 Халқимнинг ери учун йиғланг! У ерни тикан, янтоқ буталари босиб кетади. Ҳа, шодликка тўла бўлган уйлар учун, Қувноқ шаҳар учун аза тутинг!
14 Мана, сарой ташландиқ бўлиб қолди, Гавжум шаҳар саҳрога айланди. Қалъаю минора то абад Ёввойи эшаклар яйрайдиган жой, Чорва учун яйлов бўлди.
15 Токи юқоридан устимизга Руҳ ёғилмагунча шундай бўлади. Ундан кейин саҳролар серҳосил далага айланади, Серҳосил дала ўрмон сифат бўлади.
16 Шунда одиллик саҳрода макон қилади, Солиҳлик серҳосил далада маскан қилади.
17 Солиҳлик меваси тинчлик бўлади, Солиҳлик самараси то абад хотиржамлик, ишонч бўлади.
18 Халқим яшайди сокин жойларда, Бехавотир уйларда, хотиржам масканларда.
19 Ўша ўрмонни дўл яксон қилади, У шаҳар эса тамомила йўқ бўлади.
20 Шундай бўлса ҳам, нақадар бахтлисиз! Ирмоқлар бўйида экин экасиз. Чорваю подангиз яйловларни кезиб юради.