Ишаё 31 bob
1 Мисрдан ёрдам сўраб борганларнинг ҳолига вой! Улар чопқир отларига ишонадилар, Жанг араваларининг кўплигию Кучли отлиқларга умид боғлайдилар. Исроил халқининг Муқаддас Худосига эса Назар ҳам ташламайдилар, Эгамизга юз бурмайдилар.
2 Доно Эгамизнинг гапига улар кирмайдилар. Эгамиз фосиқларнинг хонадонига қарши қўзғалади, Бадкирдорларга ёрдам берганларга қарши туради. Уларнинг бошига кулфат келтиради, Айтган сўзларини У қайтиб олмайди.
3 Мисрликлар Худо эмас, инсонлардир, Уларнинг отлари руҳ эмас, танадир. Эгамиз уларга қарши қўл кўтарганда, Мададкор қоқилади, Мададга зор йиқилади. Иккови биргаликда ҳалок бўлади.
4 Ҳа, Эгам менга айтмоқда: “Кучли шер қўйни бўғизлаганда, Чўпонлар шовқин–суронига эътибор бермас, Уларга ҳатто назар ҳам ташламас. Шу сингари, Мен, Сарвари Олам, Сион тоғида — ўша тепаликда Жанг қилишга келаман.
5 Ўз ини устида учаётган қуш каби, Мен, Сарвари Олам, Қуддусни қўриқлайман. Мен Қуддусни қўриқлаб, озод қиламан, Ҳимоя қилиб, нажот бераман.”
6 Эй Исроил халқи! Гарчи сизлар шу қадар фосиқ исёнчи бўлсангиз ҳам, энди Эгамизга қайтинг!
7 Ҳа, ўша куни ҳар бирингиз олтин бутлар ва кумуш тасвирларни рад этасиз. Уларни гуноҳкор қўлларингиз билан ясаган эдингиз.
8 Оссурия вайрон бўлади, аммо инсоннинг қиличидан эмас. Худонинг қиличи Оссурияликларни уради. Оссурияликлар ваҳимага тушиб қочадилар. Кучли, ёш йигитларини қул қилиб олиб кетадилар.
9 Оссуриянинг суянган қояси ваҳима ичида қочади, Лашкарбошилари жанговар байроқдан қўрқиб, қочиб кетади. Ҳа, Эгамизнинг алангаси Қуддусда, Унинг ўчоғи Сиондадир. Эгамизнинг каломи шудир.