1 Ўша куни Эгамиз қиличи билан Левитанни жазолар. Ҳа, шафқатсиз, баҳайбат, қудратли қиличи билан жазолар Ўша қочаётган, ғимирлаётган илон — Левитанни. Ўлдирар денгиздаги ўша аждарҳони.
2 Эгам айтар: “Ўша куни ажойиб узумзор тўғрисида куйланг!
3 Мен, Эгангиз, узумзор қўриқчисиман, Доимо уни суғораман. Кечаю кундуз узумзорни қўриқлайман, Ҳеч ким унга зарар келтиролмайди.
4 Мен ғазабда эмасман! Лекин тиканлару буталар Менга қарши чиқса, Улар билан жанг қиламан. Уларни ёндириб ташлайман.
5 Улар Мендан паноҳ излаб келсин! Ҳа, Мен билан тинчлик ўрнатсин, Улар Мен билан тинчлик ўрнатсин.”
6 Вақти келиб, Ёқуб насли илдиз отади, Исроил куртак отиб, гуллайди, Ер юзини мевалари билан тўлдиради.
7 Исроилнинг душманларини Эгамиз қаттиқ жазолайди! Исроилнинг кўп ғанимларини Эгамиз ўлдиради, Исроилни эса у қадар жазоламайди,
8 Эгамиз Ўз халқини жазолаганда Уларни юртидан ҳайдаб, сургун қилади. Шарқдан эсган бўрон каби, Уларни узоққа олиб кетади.
9 Шундай қилиб, Эгамиз Ёқуб наслини гуноҳдан поклайди. У бутларга аталган қурбонгоҳларни парчалаб ташлайди. Ашерага аталган устуну тутатқи қурбонгоҳлардан асар ҳам қолмайди.
10 Мана, Исроилнинг мустаҳкам шаҳарлари ташландиқ бўлади, Тарк этилган саҳродай, ҳувиллаган юрт бўлади. Вайроналар орасида чорва ўтлаб юради, Дарахтларнинг баргини еб, шип–шийдам қилади.
11 Шохлари қуриб, синиб ётади, Аёллар келиб, уларни ёқади. Бу халқ ақл–ҳушидан айрилган, Яратувчи ҳам уларга ачинмайди, Худо уларга марҳамат кўрсатмайди.
12 Ўша куни, эй Исроил халқи, Эгамиз сизларни Фурот дарёсидан Миср чегарасидаги ирмоққача бўлган ерда янчади. Ҳаммангизни битта–битта йиғиб келади.
13 Ўша куни катта карнай чалинади. Оссурия юртида йўқолганлар, Миср юртига қувилганлар келиб, Қуддусдаги муқаддас тоғда Эгамизга сажда қилади.