Ишаё 26 bob
1 Ўша куни Яҳудо юртида ушбу қўшиқ куйланар: “Мана, шаҳримиз қудратлидир! Эгамиз бизнинг қалъамиздир, Унинг Ўзи бизга нажот беради.
2 Очинг шаҳар дарвозаларини! Садоқатли солиҳ халқ ичкари кирсин!
3 Эй Эгамиз, Сенга ишониб, Фикри–зикри Сендан узилмайдиганга Ўзинг комил тинчлик ато қиласан.
4 Эгамизга то абад ишон, Унинг Ўзи абадий Қоямиздир.
5 Юксалганларни У йиқитди, Такаббур шаҳарни вайрон қилиб, Ер билан битта қилди.
6 Ўша шаҳарни мазлумлар оёқ ости қилди, У бечораларнинг қадамлари остида эзилди.”
7 Солиҳнинг йўли текисдир, Тўғри йўлни Сен унга тайёрлайсан.
8 Эй Эгамиз, йўл–йўриқларинг ила Сенга умид қиламиз. Сенинг номингни шарафлаш Кўнглимиз истагидир.
9 Тун бўйи юрагим Сени қўмсайди, Ҳа, мен Сенга интиламан. Ер юзида Сенинг ҳукминг бўлганда, Олам аҳли адолатни билади.
10 Фосиқлар марҳамат кўрганда Улар асло солиҳликни ўрганмас. Ҳаққонийлик ўрнига улар эгрилик қилаверади, Сенинг улуғворлигингни улар кўрмайди.
11 Эй Эгамиз, қўлинг кўтарилган, Жазолашга тайёр, Аммо улар буни кўрмайди. Халқингни деб жон куйдирганингни кўриб, Улар шарманда бўлсин. Ғанимларингга аталган олов уларни ютсин.
12 Эй Эгамиз, бизга Сен тинчлик ато этасан, Қилган ишларимизнинг барчасига Етишганмиз Сенинг қудратинг ила.
13 Эй Эгамиз Худо, Сендан бошқалар Устимиздан ҳукмронлик қилдилар, Аммо биз ёлғиз Сенинг номингни тилга оламиз.
14 Ўликлар яшамас, Улар асло қайтиб келмас. Уларни Сен жазолаб, қириб ташладинг, Уларни тамомила хотирадан ўчирдинг.
15 Эй Эгамиз, халқимизни Сен кўпайтирдинг, Халқни кўпайтириб, Ўзинг юксалдинг, Юртнинг барча чегараларини кенгайтирдинг.
16 Эй Эгамиз, кулфатда қолганларида Улар Сенга юз бурдилар, Сенинг танқидларинг остида эгилдилар.
17 Тўлғоқ тутаётган аёл оғриқдан қичқиргандай, Тўлғониб, дод–фарёд қилгандай, Биз ҳам Сенинг олдингда шундай бўлдик, эй Эгамиз!
18 Ҳомиладор бўлиб, дард чекдик, Аммо шамолдан бошқа ҳеч нарса кўрмадик. На ер юзида биз ғолиб бўлдик, На авлодлар дунёга келтирдик.
19 Аммо Сенинг ўлик халқинг тирилади, Таналари ўрнидан туради. Эй тупроқ остида ётганлар, қўзғалинг, Шодликдан ҳайқиринг! Эй Эгамиз, шабнаминг тонгги шабнамга ўхшайди, Замин мурдаларига ҳаёт бағишлайди.
20 Келинг, эй халқим, бир оз яшириниб туринг! Эгамизнинг ғазаби босилгунча, Киринг ичкарига, Ортингиздан эшикларни ёпиб қўйинг!
21 Ана, Эгамиз келаётир масканидан Замин аҳлини гуноҳлари учун жазолагани. Ер тўкилган қонларни фош этади, Қотилликнинг қурбонларини энди яширмайди.