Ишаё 24 bob
1 Ана, Эгамиз хароб этади ер юзини, Вайронага айлантиради уни, Остин–устин қилади ер юзини, Тарқатиб юборади замин аҳлини.
2 Бир тақдир кутмоқда Халқ ва руҳонийни, Қул ва унинг эгасини, Чўрию унинг бекасини, Харидору сотувчини, Қарздору қарз берувчини, Судхўру қарз олганни.
3 Дунё тамом вайрон бўлади, Ер юзи ўлжага айланади. Ҳа, Эгамизнинг каломи шудир.
4 Дунё қуриб, вайрон бўлади, Ер юзи қайғуриб, тамом бўлади, Дунёнинг мағрур халқи кучдан қолади.
5 Замин булғанди, Ахир, унинг аҳли қонунларни бузди, Худонинг кўрсатмаларини оёқ ости қилди. Ҳа, абадий аҳд бузилди.
6 Шу боис лаънат оламни еб битиради, Олам аҳли гуноҳининг жазосини тортади, Шу сабабдан улар йўқолиб бормоқда, Жуда оз одамлар қутулиб қолди.
7 Янги шаробинг тугади, токларинг қуриди, Илгари шод бўлганлар оғир нафас олмоқда.
8 Доиранинг жўшқин садоси кесилди, Шодон овозлар энди эшитилмайди, Арфанинг шўх садоси сукутга толди.
9 Энди шароб ичиб, қўшиқ айтмаслар, Ичганга шаробнинг таъми аччиқ туюлар.
10 Вайрона шаҳар ташландиқ бўлди, Ҳамма уй беркилган, кириб бўлмайди.
11 Шароб йўқлигидан кўчаларда шовқин–сурон. Эвоҳ, шодликдан асар ҳам қолмади, Дунёни севинч тарк этди.
12 Шаҳар харобазор, Дарвозалари эса парча–парча.
13 Ҳа, ҳосил мавсумидан кейин, Зайтун дарахти ёки узумзор қандай бўлса, Дунёдаги халқлар ҳам шундай яланғоч бўлиб қолади.
14 Мана, ғарбдагилар Эгамизнинг буюклигини овоза қиладилар. Улар овозларини юксалтириб, Севинчдан ҳайқирадилар.
15 Шу боис, эй шарқ аҳли, Эгамизга ҳамду сано айтинг, Эй денгиз оролларида яшовчилар, Исроил халқининг Худоси — Эгамизни улуғланг.
16 Дунёнинг энг четидан қўшиқлар эшитармиз: “Одил Худога шарафлар бўлсин!” Аммо мен: “Тамом бўлдим! Тамом бўлдим! Энди ҳолимга вой! — дедим. — Хоинлар сотмоқдалар, Ҳа, улар хоинлик қилмоқдалар!”
17 Эй олам аҳли, сизни ваҳима, Тузоқ ва чоҳ кутмоқда.
18 Ваҳимали овозни эшитиб қочган чуқурга тушар, Чуқурдан чиққан эса тузоққа илинар, Осмоннинг қопқаси очилади, Ернинг пойдевори титраб кетади.
19 Ер парча–парча бўлиб, Майдаланиб кетади. Ер қаттиқ тебранади.
20 Замин маст одамдай гандираклайди, Даладаги чайладай тебранади. Замин маст одамдай гандираклайди, Даладаги чайладай тебранади.
21 Ўша куни Эгамиз юқоридаги самовий кучларга, Пастдаги замин шоҳларига жазо беради.
22 Улар чоҳдаги асирлар каби, Бир жойга йиғиб олинади, Зиндонга қамаб қўйилади, Кейинроқ улар жазоланади.
23 Ой хижолат бўлар, қуёш шарманда бўлар, Сарвари Олам Қуддусдаги Сион тоғида ҳукмрон бўлар. Халқ оқсоқолларига У Ўз улуғворлигини намоён қилар.