Ишаё 21 bob
1 Денгиз бўйидаги саҳро ҳақида башорат: Нагав узра кетма–кет эсаётган бўронлар каби, Чўлдан — қўрқинчли юртдан келаётир босқинчи.
2 Мен мудҳиш бир ваҳий кўрдим: Хоин хоинлик қилаётир, Босқинчи талон–тарож қилаётир. Эгамнинг сўзларини эшитдим: “Эй Элам халқи, ҳужум қил, Эй Мидия халқи, қамал қил! Жамики нолаларга барҳам бераман!”
3 Эвоҳ, кўрганларимдан ичимда оғриқ турди, Туғаётган аёл каби азоблар мени қамради. Икки букилдим эшитганларимдан, Даҳшатга тушдим кўрганларимдан.
4 Юрагим увушиб кетди, Қўрқувдан титраб кетдим. Оқшомни кутгандим, Оқшом эса қўрқувга тўла.
5 Бобилликлар гиламлар тўшаб, Дастурхон ҳозирламоқдалар, Улар еб–ичмоқдалар. Бирданига шундай овоз эшитилмоқда: “Қўзғалинг, эй раҳнамолар, қалқонларни ёғланг!”
6 Раббий менга шундай деди: “Қани, бир қоровул қўй, Кўрганини етказсин.
7 Жанг араваларининг, отлиқларнинг, Эшакларга, туяларга минганларнинг Жуфт–жуфт бўлиб келганини кўради. Яхшилаб эътибор берсин.”
8 Шу лаҳзада қоровул шердай ўкириб қолди: “Эй тўрам, мен кундузи ҳар доим Қоровул минорасида тураман, Ҳар тун ҳам жойимдаман.
9 Ана, жанг аравалари, отлиқлар Жуфт–жуфт бўлиб келаётир!” Шу он у бақириб хабар берди: “Қулади, Бобил қулади! Бутлари синиб, ер билан битта бўлди!”
10 Эҳ, халқим! Хирмонда буғдой каби янчилган халқим! Исроил халқининг Худоси — Сарвари Оламдан Эшитганларимни сизга билдирдим.
11 Думах ҳақида башорат: Сеирдан мени чақиришар: “Эй посбон, қачон тонг отар? Қачон тонг отар?”
12 Жавобим шудир: “Тонг отаётир, Аммо яна кеч киради. Кўпроқ билмоқчи бўлсангиз, Яна қайтиб келинг.”
13 Арабистон ҳақида башорат: Ғарб ўрмонларида тунайсиз, Эй Дедон карвонлари!
14 Эй Темо аҳолиси! Сув келтиринг, ташналарга пешвоз чиқинг! Қутулиб омон қолганларга нон беринг!
15 Ахир, улар қочаётирлар қиличдан, Душманнинг кўтарилган қиличидан, Таранг тортилган ёйлардан, Шафқатсиз урушлардан.
16 Раббий менга шундай деди: “Яна бир йилдан кейин, ёлланган ишчининг муддати каби, Кедарнинг улуғворлиги барҳам топади.
17 Кедарнинг жасур камонкашларидан озгинаси қолади.” Ҳа, Исроил халқининг Худоси — Эгамиз шундай деди.