Ишаё 16 bob
1 Қўзилар юборгин юртнинг ҳукмдорига, Уларни юбор саҳро йўли орқали Села шаҳридан азиз Сион тоғига.
2 Худди дарбадар қушлардай Бўлиб қолар ахир, Мўаб аҳли. Уясидан қувилган қушлардай Улар Арнон сойлиги кечувини ғурбатда кезади.
3 Улар шундай дейди: “Маслаҳат бер бизга, қарор чиқар! Куннинг ўртасида соянгни тун каби тушир. Яширгин қувилганларни, Ошкор қилма қочоқларни!
4 Қочоқларимиз орангизда яшасин, Қирғин келтирувчи зўравонлардан Мўабга бошпана бўлгин.” Золимлар йўқ бўлганда, Зўравонлик барҳам топади. Талончилар юртдан ғойиб бўлади.
5 Тахт ўрнатилар садоқат ила. Тахтда ўтирар ҳақиқатгўй бир ҳукмдор. Бу ҳукмдор Довуд хонадонидан келиб чиқар. У адолатпарвар, одиллик билан ҳукм чиқарар.
6 Ҳа, эшитганмиз Мўабнинг мағрурлигини, Унинг чиройи, киборлиги, бойлигини! Нақадар мағрурдир у! Аммо буларнинг ҳаммаси ёлғон!
7 Энди Мўаб фарёд чексин, Ҳамма Мўаб учун нола қилсин. Ҳа, ўша Хир–Харасот* майизларини Ҳамма қўмсаб, аза тутсин.
8 Мана, ҳолдан тойди Хашбон далалари, Сивмо узумзорлари ҳам. Халқларнинг ҳукмдорлари эзган Сивмонинг узум бошларини. Улар Язиргача етиб бордилар, Улар саҳрода кезиб юрдилар. Новдалари бир вақтлар ўсиб кетиб, Денгиздан ҳам ошиб ўтди.
9 Шу боис Язир йиғлаганда, мен ҳам йиғлайман, Эй Сивмо узумзорлари! Кўз ёшларим ила сизларни шалаббо қиламан, Эй Хашбон, Элалей шаҳарлари! Ахир, ёзги ҳосилингиз барҳам топди, Дон ҳосили пайтидаги ўйин–кулгилар тўхтади.
10 Боғларда шодлик, Хурсандчилик энди бўлмас, Узумзорларда қўшиқ айтилмас, Шодлик қийқириқлари кўтарилмас. Узум сиқиш чуқурларида* Ишлайдиган ҳеч ким қолмас. Шодлик қийқириқларини Худо бостирди.
11 Шу боис юрагим Мўаб учун Арфа каби нола қилар. Хир–Харасот учун вужудим фарёд чекар.
12 Мўаб халқи келиб, ўзини толиқтирса ҳам, Саждагоҳига келиб, илтижолар қилса ҳам, Ҳеч нарсага эришмас.
13 Эгамиз бу сўзларни Мўаб ҳақида олдиндан айтган эди.
14 Энди Эгамиз айтар: “Ҳозир жуда кўп бўлганига қарамай, ёлланган ишчининг муддати каби, уч йилдан кейин Мўабнинг обрўси тўкилар. Халқидан қолганлари эса жуда оз, заиф бўлар.”