1 Ёлғон тарози Эгамиз учун жирканчдир, аниқ тарози тошлари эса Унинг қувончидир.
2 Мағрурлик билан шармандалик келади, донолик эса камтарлар биландир.
3 Тўғриларнинг софдиллиги йўл кўрсатса, хоинларнинг иккиюзламачилиги ҳалок қилади.
4 Қиёмат кунида бойлик фойда бермайди, солиҳлик эса ўлимдан сақлайди.
5 Покдилнинг солиҳлиги йўлини тўғрилайди, фосиқ эса фосиқлиги туфайли қоқилади.
6 Тўғрининг солиҳлиги нажот беради, сотқин эса ёмон ниятлари туфайли тутилади.
7 Ёвуз ўлса, орзу–умидлари ҳам ўлади, фосиқнинг ҳам хоҳиш–тилаклари поймол бўлади.
8 Солиҳ ғам–ғуссадан қутулади, фосиқ эса ғамга дучор бўлади.
9 Имонсиз ўз тили билан қўшнисини ҳалок қилади, солиҳ эса илм–маърифати туфайли нажот топади.
10 Солиҳнинг иши юришса, эл–юрт қувонади, фосиқ ҳалок бўлса, тантана бўлади.
11 Тўғри одамлар туфайли шаҳар гуллаб–яшнайди, фосиқнинг тилидан эса эл–юрт вайрон бўлади.
12 Қўшнисини камситган ақлсиздир, идрокли сукут сақлайди.
13 Ғийбатчи сирларни очади, содиқ эса сир сақлайди.
14 Йўл–йўриқ кўрсатувчиси бўлмаган халқ ҳалок бўлади, маслаҳатчилар кўп бўлса, ғалаба келади.
15 Бегонага кафиллик қилган кўп жабр кўради, кафил бўлишдан нафратланадиган эса тинчгина юради.
16 Меҳрибон хотин иззат–ҳурмат топади, зўравон эса бойликдан бошқа ҳеч нарсага эришмайди.
17 Шафқатли инсон ўз жонига манфаат келтиради, бағри тош эса ўзига зарар етказади.
18 Худонинг йўлидан юрганлар ҳақиқий мукофотни, фосиқлар эса ёлғон мукофотни оладилар.
19 Солиҳликни кўзлаган инсон ҳаётга, ёмонликни кўзлаган эса ўз ўлимига эришади.
20 Эгри юрак Эгамизга жирканч, покларнинг ишлари эса Унинг қувончидир.
21 Фосиқ асло жазосиз қолмайди, солиҳнинг эса авлодлари ҳам нажот топадилар.
22 Чиройли, аммо фаросатсиз аёл, бурнига тилла сирға таққан чўчқа мисол.
23 Солиҳнинг хоҳиши фақат эзгулик, фосиқнинг кутганлари эса қаҳр–ғазабдир.
24 Баъзиларнинг қўли очиқ, аммо бойлиги кўпаяверади. Баъзилар ҳаддан ташқари тежамкор, аммо қашшоқлашаверади.
25 Сахийнинг бири икки бўлади, бошқаларга яхшилик қилганнинг ўзи ҳам яхшилик кўради.
26 Ғалласини қизғанганни халқ қарғайди, сотганларга эса барака ёғилади.
27 Эзгуликка интилган илтифот топади, ёмонлик қидирганга эса ёмонлик келади.
28 Бойлигига ишонган хонавайрон бўлади, солиҳ эса барг каби яшнайди.
29 Ўз оиласига ғам–ташвиш келтирадиганлар мерос олмайди, нодонлар донога қул бўлади.
30 Солиҳларнинг маҳсули — ҳаёт дарахти, оқилу донолар одамларнинг юрагидан жой олади.
31 Дунёда солиҳ қанча тақдирланса, фосиқ билан гуноҳкор ундан ҳам кўпроқ жазоланади.