СУЛАЙМОН ПАЙҒАМБАРНИНГ ҲИКМАТЛАРИ
Кириш
Сулаймоннинг ҳикматлари китоби мақол, маталлар шаклидаги ахлоқий ва диний таълимотлардан иборат. Мазкур китобнинг асосий муаллифи Исроил халқининг донишманд шоҳи Сулаймондир. Китобнинг баъзи қисмлари Ағур (30:1 га қаранг) ва шоҳ Лемул (31:1 га қаранг) томонидан ёзилган. Ҳикматлар кўпинча икки мисрали шеърий шаклда келган. Маталларнинг кўпчилигида кундалик ҳаётда учрайдиган муаммолар ҳақида сўз юритилади. Мазкур китоб “Эгамиздан қўрқиш илму маърифатнинг бошидир” деган доно сўзлар билан бошланади (1:7 га қаранг) ва фақатгина диний ишлар борасида эмас, балки одоб–ахлоқ ва ақл билан қилиниши лозим бўлган ишлар ҳақида ҳам насиҳат беради. Бу ҳикматлар оила ва жамиятдаги муносабатлар, донолик билан иш юритиш, тадбиркорлик, ахлоқ ва дин–диёнат каби мавзуларни қамраб олади. Мазкур китобда камтарлик, сабр–тоқат, камбағалларни ҳурмат қилиш ва дўстга содиқлик каби фазилатлар ҳақида кўп фикрлар айтилади. Китобдаги аксарият ҳикматлар мазмунан бир–бирига ўзаро боғланган. Китобдаги баъзи ҳикматли сўзлар эса қисқа бўлиб, матнга боғланмаган бўлса ҳам, ўзида тугал маънони ифодалайди.