1 Эгамиз Шоҳдир, халқлар титрасин! Карублар орасида тахт қурган У! Замин ларзага келсин!
2 Эгамиз Қуддусда улуғдир, Жамики халқлар узра юксакдадир.
3 Унинг номи улуғ, ҳайбатлидир! Ҳамма Уни мадҳ қилсин, Зеро, муқаддасдир У!
4 Шоҳ қудратлидир, адолатпарвардир, У одилликни ўрнатган! Ёқуб насли орасида Адолатли ва тўғри ҳукм чиқарган!
5 Эгамиз Худони улуғланглар! Унинг пойига сажда қилинглар. Зеро, муқаддасдир У!
6 Мусо ва Ҳорун Унинг руҳонийларидан эди, Шомуил ҳам Эгамизга илтижо қилганлардан бири эди. Улар Эгамизга илтижо қилди, У жавоб берди.
7 Устун шаклидаги булут ичра улар билан гаплашди, Улар Эгамизнинг фармонларига Ҳамда У берган қонунларига риоя қиларди.
8 Уларга жавоб бердинг, эй Эгамиз Худо! Сен уларни кечирувчи Худо бўлдинг, Уларни жазоладинг ёмон йўлдан кетганларида.
9 Улуғланглар Эгамиз Худони! Сажда қилинг Унга муқаддас тоғида. Зеро, муқаддасдир Эгамиз Худо!