1 Сано. Шаббат куни айтилган қўшиқ.
2 Эй Эгам, Сенга шукур айтмоқ яхшидир, Эй Худойи Таоло, Сенга ҳамду сано куйламоқ яхшидир.
3 Эълон қилмоқ яхшидир субҳидамда содиқ севгингни, Эълон қилмоқ яхшидир кечалари садоқатингни.
4 Яхшидир айтмоқ буларни мусиқа чалиб Ўн торли асбобда, лирада, арфа жўрлигида!
5 Эй Эгам, қудратли ишларингдан мен шодман, Қилган ишларингдан хурсанд бўлиб куйлайман.
6 Эй Эгам, ишларинг нақадар буюкдир! Ўйларинг жуда ҳам терандир!
7 Ақлсиз кимса буни била олмайди, Аҳмоқ кимса буни тушуна олмайди:
8 Гарчи фосиқлар майса каби униб чиқса ҳам, Бадкирдорлар гуллаб–яшнаса ҳам, Улар то абад йўқ бўлади.
9 Сен–чи, эй Эгам, то абад улуғворсан.
10 Эй Эгам, душманларинг албатта йўқ бўлади, Улар шубҳасиз ҳалок бўлади. Бадкирдорларнинг ҳаммаси тарқалиб кетади.
11 Мени ёввойи буқадай кучли қилдинг, Қудратинг билан менга қайтадан куч ато этдинг.
12 Душманларим мағлубиятин кўзларим кўрди, Бадкирдорлар заволин қулоқларим эшитди.
13 Солиҳлар пальма дарахтидай гуллаб–яшнайди, Лубнондаги садр дарахтидай юксалади.
14 Улар Эгамизнинг уйига ўтқазилган, Худойимизнинг ҳовлисида улар яшнайди.
15 Кексаликда ҳам ҳамон ҳосил беради, Ям–яшил, навқирон бўлиб тураверади.
16 Улар биргаликда шундай деб эълон қилади: “Эгамиз одилдир! У менинг суянган қоямдир, Унда ноҳақлик йўқдир.”