1 Ижрочилар раҳбарига. Кўрах наслининг саноси.
2 Эй Эгам, Ўз юртингга марҳамат кўрсатгансан, Ёқуб наслини яна фаровонликка эриштиргансан.
3 Халқингнинг айбларини унутгансан, Уларнинг гуноҳларини кечиргансан.
4 Бутун ғазабингни жиловладинг, Қаҳру ғазабингдан қайтдинг.
5 Эй нажоткоримиз Худо, Олдинги ҳолимизга бизни қайтаргин, Бизга қарши бўлган ғазабингни тўхтатгин.
6 Сен биздан то абад ғазабланасанми? Ғазабингни насллар оша сочаверасанми?
7 Халқим Менда севинч топсин дея, Бизга яна янги ҳаёт бахш этмайсанми?
8 Эй Эгам, бизга содиқ севгингни кўрсат, Бизга нажотингни ато қил.
9 Парвардигор Эгамиз айтаётганига қулоқ соламан, У Ўз халқига, Ўз тақводорларига тинчлик ваъда қилаётир, Энди улар бемаъни йўлларига қайтмасин.
10 Шубҳасиз, Эгамиздан қўрққанларга Унинг Ўзи нажот беришга тайёр туради, Бизнинг еримизда Унинг улуғворлиги макон топади.
11 Севги ва ҳақиқат учрашади, Адолат, тинчлик бир–бири ила ўпишади.
12 Ҳақиқат заминдан ўсиб чиқади, Адолат самодан туриб боқади.
13 Эгамиз чиндан неъматин ёғдиради, Еримиз ўз ҳосилини беради.
14 Адолат Эгамизнинг олдида юради, Унинг қадамлари учун йўл тайёрлайди.