1 Ижрочилар раҳбарига. Соз жўрлигида айтиладиган Кўрах наслининг саноси.
2 Сенинг маконинг ажойибдир, Эй Сарвари Олам!
3 Эй Эгам, Сенинг ҳовлингга кирмоқни Жоним истар, ҳатто орзиқар. Эй барҳаёт Худо! Қалбим, вужудим Севинч ила Сенга куйлар.
4 Эй Сарвари Олам, Шоҳим, Худойим! Қурбонгоҳинг ёнида чумчуқ ҳам бир уй топган, Полапонларим учун жой топай дея, Қалдирғоч ҳам ўзи учун бир ин қурган.
5 Бахтлидир Сенинг уйингда истиқомат қиладиганлар, Улар доим Сенга ҳамду сано айтарлар.
6 Бахтлидир Сендан қудрат олган одамлар, Қуддусни чин дилдан зиёрат қилишга интиладиганлар.
7 Қақраган сойликдан улар ўтар эканлар, Булоқлар оқа бошлар, Илк ёмғир бу ерни сув ҳавзаларига тўлдирар.
8 Улар юрган сари кучайиб борар, Эй Худо, улар Қуддусда ҳузурингда ҳозир бўлар.
9 Эй Парвардигори Олам — Эгам, эшит ибодатимни, Эй Ёқубнинг Худоси, тинглагин мени.
10 Эй Худо, қара шоҳга — қалқонимизга, Ўзинг мой суртиб танлаганга лутф қилгин.
11 Сенинг ҳовлиларингда ўтган бир кун Афзалдир бошқа ерда ўтган минг кундан. Фосиқларнинг чодирларида яшагандан кўра, Бўлсайдим, эй Худойим, Сенинг уйингда дарвозабон.
12 Эй Парвардигор Эгам, қуёш ва қалқонсан, Сен бизга меҳрибонлик кўрсатиб, шон–шуҳрат ато этасан. Эй Эгам, тўғри юрганлардан Неъматингни дариғ тутмайсан.
13 Эй Сарвари Олам, Сендан умид қилган одам бахтлидир!