1 Ижрочилар раҳбарига. Соз жўрлигида айтиладиган Осиф саноси.
2 Худога, қудратимиз манбаига Севинч билан куйланг! Ёқубнинг Худосига шодлик ила ҳайқиринг!
3 Қўшиқ куйланг, доира чертинг, Хушовоз лира, арфа чалинг.
4 Бурғу чалинг янги ой шодиёнасида, Ой тўлганда, байрам кунимизда.
5 Исроил учун бу қонундир, Ёқуб Худосининг фармонидир.
6 Миср юрти устига бостириб борганда, Худо буни Исроилга қонун қилиб берди. Мен нотаниш бир овозни эшитдим:
7 “Юкни олдим елкангиздан, — дейди У. — Қўлларингиз саватдан озод бўлди.
8 Кулфатда Менга фарёд қилдингиз, сизни қутқардим, Булутлар орасидан сизларга жавоб бердим, Марива сувлари бўйида* сизларни синадим.
9 Эшитинг, эй халқим, танбеҳ бераман сизга, Эй Исроил, кошкийди қулоқ солсангиз Менга!
10 Орангизда бегона худолар бўлмасин, Бошқа худоларга сажда қилманглар.
11 Мен сизларнинг Эгангиз Худоман, Сизларни Миср юртидан Мен олиб чиққанман, Оғзингизни катта очинг, Мен уни тўлдираман.
12 Эй халқим, сиз эса овозимга қулоқ солмадингиз, Эй Исроил, Менга итоат этишни рад этдингиз.
13 Ўз билганингизча яшанг, дея Юракларингизни ўжарлигича қолдирдим.
14 Эҳ, қанийди сиз Менга қулоқ солсангиз, Эй Исроил, Менинг йўлларимдан юрсангиз!
15 Тезда душманларингизни бўйсундирардим, Сизнинг ғанимларингизга зарба берардим.
16 Мен, Эгангиздан нафратланганлар Қўрқувдан титраб, тиз чўккан бўларди, Уларнинг ҳалокати то абад давом этарди.
17 Сизларни буғдойнинг энг яхшиси билан боқардим, Қоядан асал чиқариб, сизларни тўйдирардим.”