1 Ижрочилар раҳбарига. “Нилуфар” куйига айтиладиган Осиф саноси.
2 Тингла бизни, эй Исроилнинг Чўпони, Юсуф наслини қўй сурувидай етаклаб чиққан Сенсан,
3 Карублар орасида тахт қургансан, Эфрайим, Бенямин, Манаше олдида нурингни соч. Қудратингни кўрсат, бизни қутқаргани кел.
4 Эй Худо, бизни олдинги ҳолимизга қайтаргин, Жамолинг бизга нурларини сочсин, нажот топайлик.
5 Эй Парвардигори Олам — Эгамиз, Қачонгача ғазабланиб, ибодатимизни рад этасан?
6 Кўз ёшлар бердинг бизга нон ўрнига, Челак тўла кўз ёшларни бизга ичирдинг.
7 Қўшнилар биздан нафратланишига имкон бердинг, Душманларимиз бизни масхара қилмоқда.
8 Эй Парвардигори Олам, бизни олдинги ҳолимизга қайтаргин, Жамолинг бизга нурларини сочсин, нажот топайлик.
9 Ток новдасини суғургандай, Бизни Мисрдан келтирдинг. Бегона халқларни қувиб, бизни ўтқаздинг.
10 Биз учун тупроқ тайёрладинг, Илдиз отиб, юртни тўлдирдик.
11 Тоғлар бизнинг соямиз билан қопланди, Баҳайбат садрлар ҳам новдаларимиз билан қопланди.
12 Биз шохларимизни денгизгача ёйдик, Новдаларимиз Фурот дарёсигача чўзилди.
13 Нега энди боғнинг деворларини бузиб ташладинг? Ўтган–кетганлар меваларини юлсин дебми?
14 Ёввойи тўнғизлар уни хароб қилади, Ёввойи жониворлар ундан еб қорнини тўйғизади.
15 Қайт яна бизга, эй Парвардигори Олам! Назар солгин, қара самодан, Бу ток новдасини қўриқлагин.
16 Ўнг қўлинг ўтқазган илдизни, Ўзинг ўстирган новдани қўриқлагин.
17 Ғанимларинг узум токингни қирққан эди, Узум токингни оловда ёндирган эди, Ғазабли боқишингдан улар йўқ бўлсин.
18 Ўзинг танлаганингга, Ўзинг учун кучли қилган халққа
19 Шунда биз ҳеч қачон Сендан қайтмаймиз, Сенга сажда қиламиз, бизга ҳаёт ато қил.
20 Эй Парвардигори Олам — Эгамиз, Бизни олдинги ҳолимизга қайтаргин, Жамолинг бизга нурларини сочсин, нажот топайлик.