1 Ижрочилар раҳбари Ёдутунга. Осиф саноси.
2 Фарёд қилиб, Худога ёлвораман, Эшитгин мени, деб Худога ҳайқираман.
3 Қайғули кунимда Раббийга интилдим, Тунда қўлларимни кўтариб илтижо қилдим, Жоним тасалли топишни рад этди.
4 Эй Худо, Сени ўйлаганимда, Фиғон чекаман, руҳим заифлашади.
5 Тун бўйи Сен мени бедор қилдинг, Сўзлай олмайман азобланганимдан.
6 Олдинги кунлар ҳақида ўйлаб юрдим, Эски даврларни эслаб юрдим.
7 Тун бўйи ўзим билан ўзим суҳбат қурдим, Қалбим хаёлга берилиб, руҳим сўраб–суриштирди:
8 “Раббий то абад бизни рад этармикан? Ҳеч қачон шафқат кўрсатмасмикан?
9 Унинг содиқ севгиси то абад йўқолганми? Унинг ваъдалари бир умрга тамом бўлганми?
10 Худо шафқатли бўлишни унутиб қўйдими? Раҳмдиллик ўрнини ғазаб эгалладими?”
11 Ўзимга ўзим дедим: “Худойи Таоло ўнг қўли орқали Энди бизга ёрдам бермаяпти. Бу менинг кулфатимдир.”
12 Эй Эгам, ишларингни мен ёдга оламан, Азалий мўъжизаларингни эсга оламан.
13 Ҳамма ишларингни хаёлимдан ўтказаман, Қудратли ишларинг ҳақида фикр юритаман.
14 Сенинг йўлинг, эй Худо, муқаддасдир, Қайси худо Сендай буюкдир?!
15 Мўъжизалар яратувчи Худо Сенсан, Халқлар орасида қудратингни кўрсатган Сенсан.
16 Қудратинг билан Ўз халқингни, Ёқуб ҳамда Юсуф наслларини қутқаргансан.
17 Эй Худо, сувлар Сени кўрганда, Ҳа, сувлар Сени кўрганда, қўрқиб кетдилар, Тубсиз денгизлар ларзага келди!
18 Булутлар ёмғирин қуйди, Самолар гумбурлаб янгради, Ўқларинг ҳар томонда Ялт этиб пайдо бўлди.
19 Гумбур–гумбур эшитилди қуюн ичида, Чақмоқларинг оламни ёритди, Замин титраб, тебранди.
20 Йўлинг денгиз орқали ўтди, Сўқмоғинг баҳайбат сувлардан ўтди, Изларинг эса кўринмас эди.
21 Халқингни қўй сурувидай етаклаб бординг, Мусо, Ҳорунни раҳнамо қилиб танладинг.