1 Эй Эгам, Сенда мен паноҳ топаман, Шарманда бўлишимга асло йўл қўймагин.
2 Адолатлисан, мени халос қил, қутқаргин, Қулоқ тут менга, нажот бергин.
3 Менинг паноҳ қоям бўлгин, Ҳар доим Сенга бора олай. Мени қутқармоқ учун амр бердинг. Чиндан ҳам, Сен суянган қоямсан, қалъамсан.
4 Эй Худойим, фосиқнинг қўлидан мени қутқаргин, Адолатсиз, золим одамнинг исканжасидан қутқаргин.
5 Сен, эй Эгам Раббий, менинг умидимсан, Ёшлигимдан Сенга умид боғлаганман.
6 Туғилганимдан буён Сенга суяндим, Онамнинг қорнидан мени олиб чиққансан, Доимо Сенга ҳамду сано айтаман.
7 Ҳаётим кўпчиликка ўрнак бўлди, Чунки Сен менинг мустаҳкам паноҳимсан.
8 Оғзимдан асло тушмас Сенга ҳамду санолар, Кун бўйи шуҳратингни эълон қиламан.
9 Кексайган чоғимда мени ташлаб қўймагин, Қувватим кетганда, мени тарк этмагин.
10 Ахир, душманларим менга қарши тил бириктиради, Бирга фитна қилиб, мени ўлдирмоқчи бўлади.
11 Душманларим айтар: “Худо тарк этган уни, Қувинглар, ушланглар уни, Уни қутқарадиган ҳеч кимса йўқдир.”
12 Эй Худо, мендан узоқ кетмагин, Тез кел, эй Худойим, менга мадад бер!
13 Мени айбловчилар шармандаликдан ерга кириб кетсин, Менга зарар етказмоқчи бўлганлар Масхара бўлсин, бадном бўлсин.
14 Мен эса доимо Сенга умид боғлайман, Янада кўп ҳамду сано айтаман.
15 Менга қилганларингдан ҳайратга тушдим, Адолатингни ҳар кимга ҳикоя қилавераман, Нажотингни кун бўйи сўйлайвераман.
16 Қудратли ишларингни мадҳ қиламан, эй Эгам Раббий, Ёлғиз Сенинг одиллигингни мадҳ қиламан.
17 Эй Худо, ёшлигимдан Сен менга таълим бергансан, Ажойиб ишларингни ҳамон айтиб юраман
18 Сочларим оқариб, кексайганимда, Мени тарк этмагин, эй Худо! Келгуси авлодларга кучинг ҳақида айтай, Мендан кейин келадиганларга Қудратинг ҳақида айтиб берай.
19 Адолатинг самоларга етади, эй Худо, Буюк ишлар қилдинг Сен, Сенга ўхшаган ким бор, эй Худо?!
20 Дучор қилдинг мени кўп кулфат, азобларга, Мени яна ҳаётга қайтарасан, Ер остидан яна мени чиқариб оласан.
21 Шуҳратимни яна юксалтирасан, Менга яна таскин берасан.
22 Арфа чалиб, Сенга ҳамду сано айтаман, Сенинг садоқатингни куйлайман, эй Худойим. Лира чалиб, Сени тараннум қиламан, Эй Исроил халқининг Муқаддас Худоси!
23 Сени мадҳ қилиб куйлаганимда, Шодликдан ҳайқираман. Мени Сен қутқаргансан.
24 Менга зарар етказмоқчи бўлганлар Шармандаи шармисор бўлдилар. Кун бўйи тилим адолатинг ҳақида сўйлайди.