1 Ижрочилар раҳбарига. “Нилуфар” куйига айтиладиган Довуд саноси.
2 Эй Худо, мени Ўзинг қутқар, Сувлар бўғзимга қадар кўмди.
3 Ботқоққа чўкиб бораётирман, Оёғимни қўйгани қаттиқ ер йўқ. Чуқур сувларга ботиб кетдим, Энди тўлқинлар мени ютмоқда.
4 Мадад сўраб, силлам қуриди, Томоқларим қақраб кетди, Эй Худойим, Сени кутиб, кўз нурим сўнди.
5 Сабабсиз мендан нафратланганлар Бошимдаги сочимдан ҳам кўпдир. Кўпчилик сабабсиз менга душмандир, Улар жонимга қасд қилмоқчилар. Мен ўғирламаган нарсаларни улар, Қайтиб бер, деб мени мажбур қилмоқдалар.
6 Эй Худо, ақлсизлигимни Ўзинг биласан, Айбларим Сендан асло яширин эмас.
7 Эй Сарвари Олам — Раббий, Сендан умид қилганлар Мен туфайли уятга қолмасинлар. Эй Исроил халқининг Худоси, Сенга юз бурганлар Мен туфайли шарманда бўлмасинлар.
8 Сени деб ҳақоратга чидадим, Хижолатдан юзим шувут.
9 Ака–укаларимга гўё бегонадайман, Туғишганларим орасида мусофирдайман.
10 Сенинг уйингга бўлган севгим ичимни ёндирар, Сени ҳақоратлаганлар мени ҳақорат қилган бўлар.
11 Фарёд қилиб, рўза тутганимда, Мен масхара бўлдим.
12 Кулфатда қолиб, қанор кийганимда, Улар устимдан кулдилар.
13 Шаҳар дарвозаси олдида ўтирганлар Мени ғийбат қиларлар, Маст–аластлар мен тўғримда қўшиқ айтарлар.
14 Мен эса, эй Эгам, Сенга ибодат қиламан. Маъқул вақтда, содиқ севгинг соясида, эй Худо, Ишончли нажотинг билан жавоб бер менга.
15 Мени қутқаргин, ботқоққа ботиб кетмай, Мендан нафратланганлардан халос бўлай, Мени чуқур сувлардан сақлагин.
16 Тўфон мени ғарқ қилмасин, Тубсиз сувлар мени ютмасин, Қабр менга оғзин очмасин.
17 Жавоб бер ибодатимга, эй Эгам, Нақадар эзгудир содиқ севгинг, Буюк шафқатинг ила менга юз бургин.
18 Мен, қулингни жамолингдан бебаҳра қилма, Кулфатда қолганман, жавоб бер тезда.
19 Яқинроқ кел, қутқаргин мени, Душманларимдан халос қил мени.
20 Ҳақоратга дучор бўлганим, Шармандаю шармисор бўлганим Ўзингга равшан. Ҳамма душманларимни биласан.
21 Ҳақоратлар қалбимни яралаб, Тушкунликка туширди. Бир ҳамдард изладим, ҳеч ким йўқ эди, Тасалли берувчи изладим–у, топмадим.
22 Овқатимга улар заҳар солдилар, Чанқаганимда менга узум сиркаси бердилар.
23 Дастурхонлари ўзларига тузоқ бўлсин, Ҳамтовоқлари учун қопқон бўлсин.
24 Кўз нурлари сўнсин, кўрмай қолсин, Беллари то абад букчайиб қолсин.
25 Улар устига ғазабингни сочгин, Қаҳринг аланга олиб, уларни ютиб юборсин.
26 Уларнинг макони ташландиқ бўлиб қолсин, Чодирларида тирик бир жон қолмасин.
27 Сен урган инсонларни улар таъқиб қилади, Сен берган яра азобларини улар ғийбат қилади.
28 Гуноҳлари устига гуноҳ қўшгин, Уларни Сен оқламагин.
29 Номлари ҳаёт китобидан ўчирилсин, Солиҳлар билан ёнма–ён ёзилмасин.
30 Мен азобда, кулфатда қолганман, Эй Худо, нажотинг мени ҳимоя қилсин.
31 Номини куйлаб, Худони мадҳ қиламан, Шукур айтиб, Уни мақтайман.
32 Қурбонлик қилинган бузоқдан, ҳатто буқадан кўра, Ҳамдларим Эгамни кўпроқ мамнун қилади.
33 Мазлумлар буни кўриб, севинсин, Худога интилаётганлар дадил бўлсин.
34 Эгамиз муҳтожларни эшитади, Асир бўлган халқидан нафратланмайди.
35 Еру осмон Эгамизни мадҳ айласин, Денгизлару улардаги жонзотлар Уни улуғласин.
36 Худо Қуддусга нажот беради, Яҳудо шаҳарларини қайта тиклайди, Халқ ўрнашиб, у ерни мулк қилади.
37 Худо қулларининг авлоди у ерни эгаллайди, Худони севганлар у ерни маскан қилади.