1 Ижрочилар раҳбарига. Довуд саноси.
2 Эй Худо, овозимни эшитгин илтижо қилганимда, Ҳаётимни душман ваҳимасидан қутқаргин.
3 Фосиқнинг фитнасидан мени яширгин, Бадкирдорлар тўдасидан ҳимоя қилгин.
4 Улар тилларини шамширдай қайрайди, Нишонга олиб, заҳарли сўзларини ўқдай отади.
5 Айбсиз одамни пистирмадан туриб отади, Ҳеч қўрқмай, бирданига унга ўқ узади.
6 Бир–бирининг қабиҳ режаларин қўллаб–қувватлайди, Яширинча тузоқ қўйишга тил бириктиради, “Буни ким ҳам кўрарди”, деб ўйлайди.
7 Улар адолатсизликни қасд қилади: “Ажойиб режа туздик, Ниятимизни ҳеч ким билмайди”, деб айтади.
8 Худо эса фосиқларга ўқ узади, Тўсатдан улар яраланади.
9 Уларнинг тили ўзларининг бошини ейди, Уларни кўрганлар қалтираб кетади.
10 Жамики одамзод қўрқиб қолади, Худонинг ишларини улар эълон қилади, Худонинг қилганлари ҳақида ўйлаб кўради.
11 Солиҳлар Эгамиз туфайли севинсин! Солиҳлар Унда паноҳ топсин, Ҳамма покдил инсонлар Уни мадҳ этсин.