1 Довуд Яҳудо чўлида бўлгандан кейин, унинг айтган саноси.
2 Эй Худо, менинг Худойимсан, интиламан Сенга, Қуруқ, толиққан сувсиз тупроқдай Жоним ташнадир Сенга, Вужудим орзуманддир Сенга.
3 Муқаддас масканингда Сенга нигоҳ ташладим, Қудратингни, шуҳратингни кўрдим.
4 Ҳаётдан афзал Сенинг севгинг, Тилимдан тушмас Сенга мадҳия.
5 Бир умр Сени олқишлайман, Қўлларимни кўтариб, Сенга сажда қиламан.
6 Илик билан ёғ егандай жоним мамнун бўлади, Шодиёна қўшиқлар ила Сени мадҳ қиламан.
7 Ўрнимда ётиб ҳам, Сени эслайман, Сени ўйлаб, тунни қарши оламан.
8 Ўзинг менинг мададкорим бўлдинг, Қанотларинг соясида севинч ила куйлайман.
9 Сенинг ортингдан қолмай эргашаман, Ўнг қўлинг мени маҳкам тутади.
10 Жонимнинг пайига тушганлар Ернинг қаърига тушиб йўқ бўлиб кетади.
11 Улар қиличнинг дамига йўлиқади, Чиябўриларга ем бўлади.
12 Шоҳ эса Худодан севинч топади, Худо номи билан онт ичганлар Уни мадҳ қилади, Ёлғончиларнинг оғзи эса ёпилади.