1 Ижрочилар раҳбари Ёдутунга. Довуд саноси.
2 Жоним ёлғиз Худога мунтазирдир, Нажот менга Худодан келади.
3 Ҳа, Унинг Ўзи суянган қоям, нажотимдир. Қалъам Удир, шу боис асло қоқилмасман.
4 Эй душманлар, қачонгача мени туртасизлар?! Лиқиллаб турган четан деворга, Қийшайган деворга ҳужум қилгандай Ҳаммангиз менга ёпишаверасизларми?!
5 Сизнинг режангиз обрўйимни тўкишдир. Ёлғон–яшиқ гаплардан завқ оласиз, Оғзингиз билан дуо қиласиз, Ичингизда эса лаънат ўқийсиз.
6 Эй жоним, ёлғиз Худога мунтазир бўлгин, Умидим манбаи Унинг Ўзидир.
7 Ёлғиз Худодир суянган қоям, нажотим, Қалъам Удир, шу боис қоқилмасман.
8 Нажотиму шарафим Худодан келар, Қудратли қояму паноҳим Удир.
9 Эй халқим, умид қил Худодан, Юрагингни очгин доимо Унга, Бизнинг паноҳимиз Худодир.
10 Инсон зоти бир нафасдир, Ҳа, инсон зоти ёлғондир! Агар тарозида тортиб кўрилса, Ҳаммаси бирга ҳаводан ҳам енгил чиқади. Уларнинг асло вазни йўқдир.
11 Юлғичликка ишониб қолма, Талончиликка беҳуда умид қилма, Мабодо бойлигинг кўпайиб қолса, Бойлигингга кўнгил боғлама.
12 Эй Худо, Сен менга бир нарса айтдинг, Шу икки нарса ҳақида менга гапирдинг: Сен қудратли Худосан.
13 Эй Раббий, Сенинг севгинг чексиздир. Шу боис Сен ҳар бир инсонни Қилган ишларига кўра, мукофотлайсан.