1 Ижрочилар раҳбарига. Торли асбоблар жўрлигида айтиладиган Довуд қасидаси.
2 Ибодатимга қулоқ сол, эй Худо, Илтижоимни эътиборсиз қолдирма.
3 Эшит мени, жавоб бер, Душманларим дағдағаси, фосиқларнинг сиқуви Бошимга ғам–кулфат келтиради.
4 Улар ғазабланиб, мендан нафратланади. Эҳ, ўйларим қийнайди мени, Ғам–ташвишлар қаттиқ эзади.
5 Юрагим ҳасратга тўладир, Ўлим ваҳимаси мени босиб келадир.
6 Қўрқув, титроқ менга келмоқда, Даҳшат мени эзиб бормоқда.
7 “Қанийди каптар каби, қанотим бўлса”, дедим, “Учиб кетиб, ором олган бўлардим.
8 Ҳақиқатан, узоқларга учиб қутулардим, Саҳрода макон қилган бўлардим.
9 Қутурган шамолу бўрондан қочиб, Ўзимга бошпана топгани шошилган бўлардим.”
10 Эй Раббий, душманларимни чалғит, Уларнинг гапларини чалкаштир. Шаҳарда зўравонлик, жанжални кўриб турибман.
11 Фосиқлар кеча–кундуз шаҳар девори устида изғийди, Ёвузлик, ваҳима шаҳар ичида юз бермоқда.
12 Шаҳарнинг ўртасида бузғунчилик, Кўчаларидан зулм ва ҳийла аримайди.
13 Ғанимларим мени ҳақорат қилганда эди, Бунга бардошим етган бўларди. Душманим ўзини мендан юқори қўйганда эди, Ундан яширинган бўлардим.
14 Аммо у менинг тенгим–ку, Яқин дўстим ҳамда ҳамроҳим–ку.
15 У билан дилкаш дўст эдик, Эй Худо, Сенинг уйингдаги йиғинда бирга юрардик
16 Уйлари, юраклари фосиқликка тўла бўлгани учун Ғанимларим ўлимга рўбарў бўлсин, Тириклайин ўликлар диёрига тушсин.
17 Мен илтижо қиламан Худога, Нажот беради Эгам менга.
18 Оқшом, саҳар ҳамда кундуз Дарду фиғонларимни айтаман. Эгам менинг овозимни эшитади.
19 Гарчи менга қаршилар кўп бўлса ҳам, Бирорта ҳам зарар етказмай Мени жанглардан қутқаради.
20 Азалдан тахтда ўтирган Худо Менга қулоқ тутиб, Душманларимни мағлуб қилади. Ахир, улар ўз йўлидан қайтмадилар, Худодан улар қўрқмадилар.
21 Ҳамроҳим ўз дўстига қарши қўлини кўтарди, Мен билан қилган аҳдига у хиёнат қилди.
22 Унинг оғзидан бол томади, Юраги эса адоватга тўла. Сўзлари мойдан ҳам ёқимли, Аслида қиндан чиққан қиличдайдир.
23 Ташвишларингни Эгамизга топширгин, У сенга таянч бўлади. Эгамиз ҳеч қачон солиҳнинг йиқилишига йўл қўймайди.
24 Эй Худо, фосиқларни Сен Ўликлар диёрига улоқтирасан. Қонхўр, хоин кимсалар асло Умрининг ярмисини ҳам яшамайди. Мен эса Сенга умид боғлайман.