1 Ижрочилар раҳбарига. Кўрах наслининг саноси.
2 Эй халқлар! Ҳаммангиз қарсак чалинг, Севинч ҳайқириқлари ила Худони куйланг!
3 Қўрқинчлидир Худойи Таоло — Эгамиз, Бутун ер юзида Удир улуғ Шоҳимиз.
4 Халқларни У бизга итоат эттирди, Элатларни оёғимиз остига ташлади.
5 Ўзи суйган Ёқубнинг фахрли мулкини Эгамиз биз учун юрт қилиб танлади.
6 Шодлик ҳайқириқлари остида Худо тахтга чиқди, Карнай садоси остида Эгамиз тахтига ўтирди.
7 Ҳамду сано куйланг Худога, мадҳлар куйланг! Ҳа, Шоҳимизга мадҳлар куйланг! Ҳамду сано куйланг!
8 Бутун ер юзининг шоҳидир Худо, Унга ажойиб ҳамду сано куйланг!
9 Жамики улусларнинг шоҳидир Худо, Муқаддас тахтида ўтирибди Худо!
10 Иброҳим Худосининг халқи билан бирга Тўпланарлар халқларнинг ҳукмдорлари. Заминнинг шоҳлари — Худоники, Ғоят баланд юксалгандир У.