1 Ижрочилар раҳбарига. “Нилуфар” куйига айтиладиган тўй қўшиғи. Кўрах наслининг қасидаси.
2 Шоҳимга шеърларимни бағишлайман, Юрагимдан гўзал сўзлар тўкилади, Тилим моҳир котиб қаламига ўхшайди.
3 Эй шоҳим! Инсонлар орасида жуда чиройлисан. Худо сенга то абад барака бергани учун Лабларингдан латиф сўзлар ёғилади.
4 Эй қудратли шоҳ, белингга боғла қиличингни, Ҳашамату улуғворлигинг билан зоҳир бўлгин.
5 Улуғворлик билан олға бос! Ҳақиқат, камтарлик, адолат учун ғалаба қил! Ўнг қўлинг қўрқинчли ишлар кўрсатсин.
6 Ғанимларингнинг юрагини Ўткир ўқларинг тешиб ўтади. Халқлар оёғинг остига йиқилади.
7 Худо берган тахтинг абадийдир, Адолат ҳассаси шоҳлигинг ҳассасидир.
8 Сен солиҳликни севасан, қабиҳликдан нафратланасан. Шу боис Худо сени дўстларингдан устун қилди, Ҳа, Худойинг шодлик мойини сенга суртди.
9 Либосингдан мирра, алоэ ва долчиннинг Хушбўй ҳидлари уфурар. Фил суяги билан безатилган саройларда Чолғу наволари сени шод қилар.
10 Шоҳ қизлари иззатли хонимларинг орасидадир, Офир олтинига безанган малика ўнг қўлингда ўтирар.
11 Тингла, эй қиз, қулоқ солиб, ўйлагин, Халқинг, отанг хонадонин унутгин.
12 Жамолингга шоҳ мафтун бўлгандир, Таъзим қил унга, у хўжайинингдир.
13 Тир халқи ҳадялар олиб келади, Бойлар сендан марҳамат истайди.
14 Саройда малика нақадар гўзал! Либослари олтин билан безатилган.
15 Нақшли либосида уни шоҳ ҳузурига олиб келишади, Ортидан қизлар, унинг дугоналари эргашиб келади.
16 Улар шод–хуррамлик ичра келади, Шоҳнинг саройига улар кириб келади.
17 Эй шоҳим, ўғилларинг олгайлар оталаринг ўрнини, Бутун юртда шаҳзодалар қилгайсан сен уларни.
18 Қўшиғим туфайли номинг насллар оша яшар, Шу боис халқлар сени то абад мадҳ этарлар.