1 Ижрочилар раҳбарига. Довуд саноси.
2 Бахтлидир бечорани ўйлайдиганлар, Кулфатда қолганларида Эгамиз уларни қутқаради.
3 Эгамиз уларни ҳимоя қилади, ҳаётини асрайди, Улар юртдаги бахтлилардан ҳисобланади, Эгамиз уларни душманлари ихтиёрига топширмайди.
4 Тўшакка михланиб қолса, Эгамиз парвариш қилади, Хасталигига Эгамиз шифо беради.
5 Шундай илтижо қилдим Сенга: “Эй Эгам, шафқат қил менга, Гуноҳ қилдим Сенга, шифо бергин.”
6 Душманларим ёвуз ният ила шундай дейди: “Қачон ўлар экан у, номи ҳам қачон ўчаркан?”
7 Улар мени кўргани келганда, Ёлғон–яшиқ гапларни гапиради. Юракларида эса фисқу фасод тугиб, Ташқарига чиқади–да, Ҳамма жойда ёйиб юради.
8 Мендан нафратланганларнинг ҳаммаси Менга зарар беришни режа қилишади, Бирлашиб, мен ҳақимда пичир–пичир қилишади:
9 “Оғир хасталикка чалинган у, Тўшагидан қайтиб тура олмайди.”
10 Ҳатто нонимни еган яқин, ишонган дўстим, Менга қарши бош кўтарган.
11 Сен эса, эй Эгам, менга раҳм қил, Мени оёққа турғаз. Қилмишларига яраша душманларимга қайтарай.
12 Душманларим устимдан ғолиб келмаса, Мендан мамнун бўлганингни биламан.
13 Тўғрилигим учун мени сақлайсан, Ҳузурингда то абад мени ўтқазасан.
14 Олқишлар бўлсин абадулабад Исроил халқининг Худоси — Эгамизга! Омин! Омин!