1 Ижрочилар раҳбари Ёдутунга. Довуд саноси.
2 Ўзимга ўзим шундай дейман: “Юрар йўлларимни кузатиб борай, Гуноҳ сўздан тилимни тийиб юрай,Фосиқлар ҳамон ўраб тураркан мени, Қулф уриб ёпиб олай оғзимни.”
3 Жим турдим, сукут сақладим, Сўзлашдан бўйин товладим, Ошиб бораверди дардим.
4 Қизиб кетаверди ичим, Ўйлаганим сари ўртанди кўнглим, Охири тилимни тия олмай ёлвордим:
5 “Эй Эгам, умрим ниҳоясини аён қилгин, Қанча куним қолганини аён қилгин, Умрим қанча қисқалигини билайин.
6 Елдай ўтиб кетгувчи умр бергансан, Сенинг назарингда умрим бир лаҳзадир, Ҳар кимнинг умри бир нафасдир.
7 Ҳар кимнинг умри соядай ўтиб кетар, Инсоннинг ҳаракати беҳуда бўлар, Бойлик йиғар, лекин билмас Ким бойликка эгалик қилар.
8 Кимдан мен умид қилай энди, ё Раббий? Сендадир менинг барча умидим.
9 Халос қилгин мени гуноҳларимдан, Кулмасин аҳмоқлар менинг устимдан.
10 Сукут сақлайман, оғзимни очмайман, Ахир, Сен Ўзинг мени шу аҳволга солдинг.
11 Мендан офатларингни узоқ қилгин, Сенинг зарбаларингдан ўлай, дедим.
12 Гуноҳлари учун инсонни жазолаб, Унга танбеҳ берасан. Куя егандай қадрли нарсаларини йўқ қиласан. Шубҳасиз, инсон бир нафасда ўтиб кетади.
13 Эй Эгам, ибодатимни эшитгин, Нолаю фарёдимга қулоқ солгин. Кўз ёшларимга бефарқ бўлмагин. Ахир, мен Сенинг ўткинчи меҳмонингман, Оталарим каби мусофирман.
14 Қаҳрли нигоҳингни мендан ўгиргин, Токи яна хурсанд бўлайин Бу оламдан ўтиб йўқ бўлмасимдан олдин.”