1 Довуд саноси. Эгамиздан мадад сўраб айтган илтижоси.
2 Эй Эгам! Ғазаб билан менга танбеҳ бермагин, Қаҳринг сочиб, менга жазо бермагин.
3 Ўқларинг менга санчилди, Қўлларинг устимга босиб тушди.
4 Бутун танам хастадир ғазабингдан, Соғлигим йўқолган гуноҳларим дастидан.
5 Айбларим мени жуда ҳам эзади, Улар жуда оғир юкка ўхшайди.
6 Ақлсизлигим дастидан Яраларим сасиб, йиринглаб оқяпти.
7 Жуда эгилиб, букчайиб қолдим, Кун бўйи ғамгин юраман.
8 Ичим иситмадан оташ бўлиб ёнмоқда, Танамда биронта соғ жой йўқ.
9 Силлам қуриб, тамом эзилдим, Юракдаги аламдан нола қиламан.
10 Юрагим тубидаги истакларим Эй Раббий, Ўзингга равшан, Оҳу нолам Сендан яширин эмас.
11 Юрагим титрайди, қувватим кетди, Кўзларимнинг нури адойи тамом бўлди.
12 Дўст–ёронларим дардим туфайли олдимдан қочади, Туғишганларим асло ёнимга келмайди.
13 Жонимга қасд қилганлар менга тузоқ қўяди, Менга ёмонлик истаганлар кулфатдан сўз очади, Кун бўйи ёлғон сўйлаб, фитна қилади.
14 Мен эса карга ўхшайман, эшитмайман, Соқовга ўхшайман, гапира олмайман.
15 Чиндан ҳам мен соқовга ўхшайман, Тили қотиб қолган одамдайман.
16 Эй Эгам, умидим ёлғиз Сенсан, Эй Раббим Худо, жавоб берадиган Сенсан.
17 Эй Эгам: “Ҳолимни кўриб, душманларим шодланмасин, Оёқларим қоқилганда, ўзларини катта тутмасин”, дея Сенга ибодат қилдим.
18 Ўзим ҳам йиқилай деб турибман, Тинмай азоб чекаётирман.
19 Қилган эгриликларим учун тавба қиламан, Гуноҳга қўл урганимдан пушаймонман.
20 Ашаддий душманларим кўпдир, Сабабсиз мендан нафрат этувчилар сон–саноқсиз.
21 Улар яхшилигимга ёмонлик ила жавоб беради, Эзгу ишларим учун мени иғво қилади.
22 Эй Эгам, мени асло тарк этмагин, Эй Худойим, мендан узоқ кетмагин.
23 Менга ёрдам бергани шошилгин, Эй менинг нажоткорим — Раббий!