Забур 34 bob
1 Эй Эгам, менга қарши чиққанларга Ўзинг қарши бўл. Менга ҳужум қилганлар билан Ўзинг жанг қил.
2 Қалқону совутингни ол, Қани, менга ёрдамга кел.
3 Мени таъқиб қилганларга қарши Найзаю болтангни олгин. “Сенга нажот бераман”, деб Ўзинг менга ваъда бергин.
4 Менинг жонимга қасд қилганлар Шармандаю шармисор бўлсин! Менга қарши фитна қилаётганлар Уятга қолиб, орқага қайтсин!
5 Эй Эгам, Сенинг фариштанг уларни қувсин. Ҳа, улар худди шамолда учган сомондай бўлсин.
6 Қоронғи, сирпанчиқ бўлсин уларнинг йўли, Эй Эгам, Сенинг фариштанг уларни қувсин.
7 Сабабсиз менга тузоқ қўйдилар, Мени тутиб олиб ўлдирмоқ учун Сабабсиз менга чуқур қазидилар.
8 Тўсатдан уларнинг бошига ҳалокат келсин, Қўйган тузоғига ўзлари ўралиб қолсин, Қазиган чуқурга ўзлари йиқилиб, битсин.
9 Шунда, эй Эгам, Сен туфайли шод бўламан, Нажот берганинг учун қувонаман.
10 Бутун вужудим хитоб қилади: “Сенга ўхшаши йўқ, эй Эгам, Бечорани зўравондан қутқарасан, Фақирни талончидан қутқарасан.”
11 Ёвуз ниятли гувоҳлар пайдо бўлади, Билмайдиган нарсаларимни мендан сўрайди.
12 Улар яхшилигимга ёмонлик қайтаради, Ўзимни тамом ёлғиз ҳис қиламан.
13 Улар хаста бўлганларида эса Мен қанор кийиб, рўза тутиб, қайғу чекардим. Бошимни қуйи солиб, ибодат қилардим.
14 Дўстим, биродарим, дея ташвиш тортардим, Туққан онам учун аза тутгандай, Қайғудан бошимни эгиб юрардим.
15 Қоқилганимда эса улар шод бўлдилар, Менга қарши йиғилишиб келдилар, Бехабар эканман, улар каллакесар экан, Тўхтовсиз менга бўҳтон қилдилар.
16 Шаккоклардай аёвсиз масхара қилдилар, Менга қараб тишларини ғижирлатдилар.
17 Эй Эгам, қачонгача қараб турасан? Қутқаргин мени уларнинг ҳужумидан, Халос қилгин жонимни ўша шерлардан!
18 Буюк жамоа ичра Сенга шукур айтаман, Халқ йиғинларида Сенга ҳамдлар ўқийман.
19 Асоссиз менга душманлик қилганлар Устимдан кулмасинлар, Мендан сабабсиз нафрат этганлар Кўзларини ўйнатмасинлар.
20 Тинчлик сўзини оғизга олмас улар, Аммо юртда тинч яшаётганлар устидан Ёлғон сўзларни ўйлаб топарлар.
21 Менга қарши шанғиллаб айтарлар улар: “Аҳа, кўзларимиз билан кўрдик қилмишларини.”
22 Ўзинг кўргансан, эй Эгам, сукут сақлама! Эй Раббий, мендан ҳеч узоқлашма!
23 Қани, бўл, ҳимоя қилгин мени, Мен учун жанг қилгин, эй Худойим, Раббим!
24 Сен одилсан, эй Эгам Худо, Шу боис мени оқлагин. Душманларим асло устимдан кулмасин.
25 Улар ўзларига ўзлари: “Аҳа, истаганимиз бўлди–ку!” деб айтмасин. “Уни ютиб юбордик–ку”, демасин.
26 Кулфатларимдан завқланганларнинг ҳаммаси Шармандаю шармисор бўлсин. Мендан ўзларини юқори қўйганлар Шармандалик, бадномликка ўралсин.
27 Мен ҳақ бўлиб чиқишимни истаганлар Хурсанд бўлсин, севинч ила куйласин. Ҳар доим айтаверсин улар: “Қулининг саодатидан ҳузурланган Эгамиз тобора юксалаверсин.”
28 Одиллигинг ҳақидаги сўзлару мадҳинг Кун бўйи тилимдан тушмайди.