1 Довуд Абумалек олдида ўзини телбаликка солиб, унинг ҳузуридан қувилгандан кейин айтган саноси.
2 Ҳар доим Эгамни олқишлайман, Унинг мадҳи тилимдан асло тушмайди.
3 Эгам боис жоним фахрланади, Мазлум эшитиб, шод бўлсин.
4 Мен билан бирга олқишланг Эгамни, Биргаликда улуғлайлик Унинг номини.
5 Эгамга юз бурдим, У жавоб берди, Ҳамма қўрқувлардан У халос қилди.
6 Эгамиздан умид қилганларнинг юзларида нур, Уларнинг юзлари асло шувут бўлмайди.
7 Бу бечора илтижосин Эгамиз эшитди, Барча уқубатлардан уни қутқарди.
8 Эгамиздан қўрққанларнинг атрофида Эгамизнинг фариштаси қароргоҳ қуриб, Уларга нажот бахш этади.
9 Эгамизнинг мурувватини татиб кўр, Эгамиз яхши эканлигини билиб ол. Нақадар бахтлидир Унда паноҳ топганлар.
10 Эй тақводорлар, Эгамиздан қўрқинг. Ундан қўрққанлар асло муҳтожлик кўрмас.
11 Ҳатто йиртқич шерлар овқатсиз, Улар очликдан азоб чекади. Эгамизга юз бурганлардан эса Фаровонлик айрилмайди.
12 Келинг, эй болалар, тинглангиз мени, Ўргатайин мен Эгамиздан қўрқишни.
13 Ҳаётдан завқланишни, Бахтли узоқ умр кўришни истайсизми?
14 Демак, тилингизни ёмон сўзлардан тийинг, Оғзингизни ёлғон гаплардан асранг.
15 Ёмонликдан қайтинг, яхшилик қилинг, Тинчлик истанг, ҳа, тинчлик пайида бўлинг.
16 Эгамиз солиҳларни кузатиб туради, Уларнинг ноласини Эгамиз эшитади.
17 Бадкирдорлардан эса юз ўгиради, Уларнинг хотирасини ер юзидан ўчиради.
18 Тақводорлар ёлворади, Эгамиз эшитади, Барча балолардан уларни Эгамиз қутқаради.
19 Кўнгли чўкканларга Эгамиз яқиндир, Руҳан эзилганларни У қутқаради.
20 Солиҳларнинг қайғулари кўп бўлса, Ҳамма қайғулардан Эгамиз халос қилар.
21 Уларнинг ўзини Эгамиз сақлайди, Биронта ҳам суяги синдирилмайди.
22 Фосиққа ўз ёвузлиги ўлим келтиради, Солиҳдан нафратланган маҳкум бўлади.
23 Эгамиз Ўз қулларининг ҳаётини қутқаради, Эгамизда паноҳ топувчилар маҳкум бўлмайди.