1 Севинч ила Эгамизга қўшиқ куйланг, эй солиҳлар! Унга ҳамду сано айтмоқ покдил инсонларга муносибдир!
2 Лира чалиб, Эгамизга ҳамдлар айтинг, Ўн торли арфа чалиб, Унга қўшиқ куйланг.
3 Эгамизга янги бир қўшиқ айтинг, Маҳорат ила тор чалиб, шодликдан ҳайқиринг.
4 Эгамизнинг каломи ҳақиқатдир, Унинг барча ишлари ишончлидир.
5 Эгамиз адолату ҳақиқатни севади, Замин Унинг содиқ севгисига тўла.
6 Самолар бунёд бўлган Эгамизнинг каломидан, Самодаги жисмлар яралган Унинг нафасидан.
7 У денгиз сувларини йиғиб қўйган, Тубсиз сувларни гўё омборга жойлаб қўйган.
8 Бутун ер юзи Эгамиздан қўрқсин, Бутун олам аҳли Ундан ҳайиқсин.
9 У гапирди, айтгани мавжуд бўлди, Амр қилди, замин яратилди.
10 Эгамиз халқларнинг режаларини пароканда қилади, У халқларнинг ниятларини пучга чиқаради.
11 Эгамизнинг режалари то абад собит туради, Унинг ниятлари наслдан наслга ўтиб боради.
12 Эгамизни ўз Худоси деб билган халқ бахтлидир! Эгамиз, азизим деб танлаган халқ бахтлидир!
13 Эгамиз самодан боқар, Инсон зотини У кўриб турар.
14 У тахт қурган жойидан туриб, Ҳамма ер юзида яшовчиларни кузатар.
15 У ҳамманинг юрагини яратган, Ҳамманинг ишларини англаган.
16 Лашкари кўплигидан шоҳ қутулмайди, Кучи кўплигидан жангчи ғолиб бўлавермайди.
17 “Жанг отлари нажот берар” дейиш пуч хаёлдир, Улар қудратли кучи билан қутқара олмайди.
18 Эгамиз кўриб турар Ўзидан қўрққанларни, Унинг содиқ севгисига умид қилганларни.
19 Эгамиз уларни ўлимдан қутқаради, Очликдан сақлаб, тирик қолдиради.
20 Жонимиз Эгамизга мунтазирдир, У бизнинг мададкоримиз, қалқонимиздир.
21 Биз Муқаддас Худога умид боғлаймиз, У туфайли юрагимиз шодликка тўла.
22 Эй Эгам! Сенга ҳамон умид боғлаймиз, Содиқ севгинг бизга ёр бўлсин.