1 Ижрочилар раҳбарига. Довуд саноси.
2 Эй Эгам, Сенда мен паноҳ топаман, Шарманда бўлишимга асло йўл қўйма, Адолатлисан, мени қутқаргин.
3 Қулоқ тут менга, дарров халос қилгин, Менинг паноҳ қоям бўлгин. Нажот топай, мустаҳкам қўрғоним бўлгин.
4 Чиндан ҳам Сен суянган қоямсан, қалъамсан, Ўз номинг ҳақи мени етакла, йўл кўрсатгин.
5 Сен менинг паноҳимсан. Қўйилган тузоқдан мени қутқаргин.
6 Ҳаётимни Сенга топшираман, эй Эгам, Мени қутқарасан, эй содиқ Худо.
7 Сохта худоларни иззатлаганларга Мен нафратимни сочаман. Эй Эгам, мен Сенга умид боғлайман.
8 Содиқ севгинг ила шод–хуррам бўлай, Қайғуларимни Ўзинг кўргансан, Жоним азобда қолганини биласан.
9 Мени ғаним қўлига бермадинг, Оёқларимни бехавотир ерга қўйдинг.
10 Раҳм қил, эй Эгам, кулфатда қолдим, Кўзларим қайғудан толди, Жону танам адойи тамом бўлди.
11 Ҳаётим азоб билан тугайди, Йилларим оҳ–воҳ билан битади. Гуноҳларим дастидан кучдан қолдим, Этларим суякларимга ёпишиб кетган.
12 Душманларим мени ҳақорат қилади, Қўшниларим мендан ҳазар қилади. Дўстларим ҳам мендан қўрқади, Кўчада кўриб мени, қочиб кетади.
13 Мени унутдилар, гўё ўлганман, Гўё синган сопол идиш кабиман.
14 Эшитяпман, кўпчилик ғийбат қилади, Атрофимни даҳшат ўраб олган. Биргаликда менга қарши фитна тўқишади, Мени ўлдирмоқни ният қилишади.
15 Эй Эгам, мен Сенга умид боғлайман, “Менинг Худойим Сенсан”, деб айтаман.
16 Ҳаётим Сенинг қўлингдадир, Ғанимларим қўлидан, Пайимга тушганлардан мени қутқаргин.
17 Жамолинг мен, қулингга нурларини сочсин, Сен содиқсан, мени қутқаргин.
18 Йўл қўйма, эй Эгам, шарманда бўлишимга, Мадад сўраб илтижо қилдим Сенга. Қабиҳлар шармандаи шармисор бўлсин, Ўликлар диёрига жим кириб борсин.
19 Ўчсин уларнинг ёлғончи овозлари, Зеро, такаббурлик ва нафрат билан Улар солиҳга қарши сўйлар.
20 О, нақадар буюкдир Сенинг эзгулигинг! Ўзингдан қўрққанларга уни сақлаб қўйгансан, Сенда паноҳ топганларга ҳадя қиласан, Ҳамманинг кўзи олдида инъом қиласан.
21 Ҳузурингда уларни ҳимоя қиласан, Инсон фитналаридан омон сақлайсан. Уларни Ўз чодиринг остида Иғволардан сақлаб турасан.
22 Қамалда қолган шаҳардай бўлганимда Менга ажойиб садоқатингни кўрсатганинг учун Эй Эгам, Сенга олқишлар бўлсин!
23 Ваҳимага тушиб мен: “Эй Эгам, Сенинг назарингдан маҳрум бўлдим”, дегандим. Ҳа, мадад сўраб Сенга ёлворганимда Илтижоларимни эшитдинг.
24 Эй Эгамизнинг тақводорлари, Уни севинг! Унга содиқ бўлганларни Эгамиз ҳимоя қилади, Такаббурларга тўлиқ жазо беради.
25 Бардам бўлинг, дадил бўлсин юрагингиз, Эй сиз, Эгамиздан умид қилганлар!